$
 12965.34
-14.82
 14525.07
-81.5
 161.34
-0.29
weather
+26
Кечаси   +14°
oguads

Болалардаги асабийлик ва бош айланиши камқонликданми?

kamqonlik

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалардаги камқонлик аломатлари нимадан юзага келиши ҳамда улардаги кўп касалликка шу сабаб бўлиши ҳақида маълумот берди.

Хўш, бунинг сабаблари нимада?

Тиббиёт фанлар доктори Азиза Маҳмудованинг таъкидлашича, кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги, экологиянинг ёмонлашуви кўплаб хасталиклар қатори камқонликни ҳам келтириб чиқаради.

Камқонлик янги туғилган чақалоқларда ҳомиладорлик давридаги муаммолар, қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келади. Қолаверса, эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп кузатилади.

Юқумли касалликлар учун йўл

Ушбу дард билан оғриган болалар юқумли касалликларга тез чалинади. Оқибатда уларда камҳаракатлик, чарчоқ, уйқучанлик, иштаҳасизлик ҳамда вазн етишмаслиги кузатилади. Тери оқариб, тирноқлар ва сочлар мўртлашади. Бундан ташқари, тил яллиғланиб, оғиз атрофида юзаки яралар пайдо бўлади. Асаб тизими фаолияти бузилади, тез-тез бош айланиши, оғриши, қулоқларда шовқин кузатилади. 1 ёшгача бўлган ва оғир камқонликка чалинган гўдаклар ривожланишда анча ортда қолади.

Шунингдек, асабийлик, бўр ёки кесак ейиш ҳам камқонликнинг асосий белгиларидир. Оғир ҳолатларда эса ҳушдан кетиш, тахикардия, нафас қисиши кузатилиши мумкин.

Бу ҳолатда нима қилиш керак?

Касалликка ташхис қўйишда, аввало, педиатр-шифокор кўригидан ўтиш лозим. Қолаверса, анемияни аниқлаш учун гастроентеролог, нефролог, аллерголог, гематолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар текшируви ҳам талаб этилиши мумкин. Шунингдек, камқонликни даволаш учун, аввало, ёш болалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар таомномаси ва кунлик тартибини қайта кўриб чиқиш керак. Бемор бола кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиши, ўртача жисмоний фаолият билан шуғулланиши, бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониши тавсия этилади.

Анемияга чалинган болалар рационида темирга бой маҳсулотлар – қизил гўшт, ловия, нўхат, қорабуғдой унидан тайёрланган нон, қўзиқорин, қуритилган мевалар ва кўкатлар бўлиши керак. С ва Б12 витаминларига бой маҳсулотлар, яъни булғор қалампири, брокколи, ситрус мевалар, балиқ, яшил баргли сабзавотлар ҳам касалликнинг олдини олишда жуда муҳим. Боиси бу витаминларсиз темир қонга сўрилмайди.

Агар болада жиддий камқонлик кузатилса, шифокор томонидан зарур дори-дармонлар тайинланади.