Иммун тизими: сабаблар, асоратлар, ечимлар
“Тез ҳолсизланаман, уйқуга тўймайман, дарров касал бўляпман...” Бу шикоятлар сизга танишми? Эҳтимол, ўзингизда ҳам кузатилар? Унда, иммун тизими ҳақида сиз билишингиз керак бўлган маълумотлар бор.
3 daqiqa o‘qiladi

Одамларда тез учрайдиган иммун тизими заифлашишига қарши қандай чораларни қўллаш самаралироқ?
Иммун тизими ўзи нима?
Иммун тизими ёки иммунитет — организмнинг ўзини бегона модда, ҳужайра, шу жумладан, бактерия ва вируслардан ҳимоя қилувчи тизими ва қобилиятидир. Иммунитет тушиши инсонларнинг турли хил нарсаларда заифлашиб қолишига олиб келиши мумкин. Бу жараёнга эса турли хил омиллар сабаб бўлади. Қуйида иммунитет пасайишига бир қатор сабабларни келтириб ўтамиз.
Асосий муаммо — витаминлар
Нотўғри овқатланиш орқали ҳамда истеъмол қилинаётган маҳсулотлар етарли витаминлар билан билан тўйинмаган бўлса, бу иммун тизимига тез таъсир ўтказади. Қондаги антитаналар иммуноглобулинлар оқсилидан таркиб топган, уларни меъёрида ишлаб чиқарилиши учун таомномада гўшт, тухум, балиқ, сут маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар етарлича бўлиши керак.
Бундан ташқари, асабий чарчоқ пайдо бўлганда иммунитетни ҳимоя қилиш фаолиятини тартибга солувчи гормонал тизим ишдан чиқади. Бунинг натижасида иммунитет заифлашади.
Шунингдек, сурункали уйқусизлик, зарарли одатлар, масалан, чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, семириш, кам ҳаракат ҳаёт тарзи ҳам одамдаги иммунитет пасайишига асосий сабаблардандир.
Албатта, иммунитетга ташқи муҳит ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Зарарли ишлаб чиқариш корхоналари, ҳовонинг ифлосланиши, радиациялар шулар жумласидандир.
Асоратлари эса анчагина
Иммунитет пасайиши билан организмда турли хил заифлашишлар кузатилади. Бу эса тез-тез касалланишга олиб келиши мумкин. Ва ҳаттоки, йил давомида шамоллашлар сони сезиларли даражада ортади. Агар, иммунитет мустаҳкам бўлса, ҳар қандай шамоллаш тезда ўтиб кетади. Организм кескин ҳимоя чораларини қўллаб, вирус ва бактерияларни тез енгади. Лекин, иммунитет пастлиги оқибатида ичак тизимида бузилиш ҳосил бўлади. Бу эса дисбактериоз белгилари, қабзият ва диарея алмашиб туриши, қорин дамланиши, тез-тез кўнгил айнашига олиб келади.
Шунингдек, тез-тез қайталанувчи тошма, битмаётган яралар, учуқ тошиб туриши, аллергик касалликлар ҳам иммуне тизимининг бузилиши оқибатида рўй беради.
Бундан ташқари, пасайган иммунитет орқали ҳолсизлик, қуввацизлик, меҳнат унумдорлигининг пасайишини ҳам кузатиш мумкин. Бунда одам етарлича ухласа ҳам уйқуга тўймайди.
Барқарор сақлашнинг йўли
Шифокорлар иммунитет пасаймаслиги учун очиқ ҳавода юриш, ювиниш учун ишлатиладиган сув ҳароратини кундан кунга пасайтириш, контрастли душлар қабул қилиш, ҳар куни жисмоний тарбия билан шуғулланишни тавсия қилади. Доимий жисмоний фаоллик иммунитет тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Қон кислород билан тўйинади ҳамда уйқу ва иштаҳа яхшиланади.
Овқатланиш тартиби биринчи ўринда
Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев иммунитетни кўтариш учун истеъмол қилинадиган маҳсулотлар бўйича маълумот берди.
Унга кўра, аввало, шўр, аччиқ ва ёғли таомлардан тийилиш зарур. Таркибида шакар ва кофеин бўлган маҳсулотлар истеъмолини ҳам чеклаган маъқул. Уларнинг ўрнига, қовоқ, сабзи, лавлаги, помидор, пиёз, саримсоқ, кўкатлар, сутли маҳсулотлар, олма, ситрус мевалар, ёғсиз гўшт, балиқ ва асал танаввул қилиш тавсия этилади. Ушбу ноз-неъматлар организмни минерал ва витаминлар билан тўйинтириб, иммунитет тизимини мустаҳкамлайди.
Витаминлар етишмаслигидан сақланинг
Тананинг касалликларга қарши курашувчалик қобилиятини оширадиган маҳсулотлардан бири – пиёз. У организмга тушган микроблар билан курашиш, саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатишга ёрдам беради, иммунитетни оширади. Саримсоқ пиёз стрессдан кейин танани тиклашга кўмаклашади, жигарни тозалайди. У яллиғланиш ва ўсмалар билан курашиш учун ажойиб воситадир.
С витамини ҳам иммун тизимини мустаҳкамлайди. У лимон, наъматак, апелсин, ширин қалампир, қора смородина таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлади.
Занжабил ҳам организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини тез кучайтирувчи минерал ва витаминларга бой маҳсулот. Бундан ташқари, кунига бир чой қошиқ асал истеъмол қилиш ҳам соғлик учун фойдали.
Бироқ аллергияга мойил, сурункали касалликлардан азият чекувчи кишилар бу маҳсулотларни истеъмол қилишда шифокорлар билан маслаҳатлашишлари зарур.



