$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

ИИВ ходимларини сурат ва видеотасвирга олиш таъқиқланмоқда: “Назоратчиларни ким назорат қилади?”

IIV xodimi

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини “обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш мақсадида” иш фаолиятига оид фото ҳамда видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида консептуал жиҳатдан учинчи ўқишда қабул қилинди. Бу эса, ўз навбатида, жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шусиз ҳам, йилнинг ҳар ойида камида бир жасад чиқадиган кучишлатар тизимга нисбатан жамоатчилик назоартининг йўқ қилиниши, албатта, ижтимоий резонанс бериши лозим эди.

Янги қонун лойиҳаси ва унга бўлган муносабатлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Сенатга Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195−2-моддани киритишни таклиф қилмоқда, унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш БҲМнинг 50 баробари миқдорида жарима солиши ёки 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

Депутат Дониёр Ғаниев бу қонун лойиҳасига қарши чиқди ва президент сиёсатига зид эканлигини таъкидлади.

“Ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритади, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам бор. Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз”, — дейди ўз нутқида у.

Бундан ташқари, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўз телеграм саҳифасида мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрини бериб ўтди:

“Бу шу деганики, эртага бирорта нопок, ўз ишига нолойиқ ва қонунбузар ички ишлар ходимининг видеоси ёки суратини интернетга жойласангиз, сизга жамоатчилик назоратидаги фаоллигингиз, тизимни тозалашдаги ёрдамингиз учун раҳмат айтишмайди, балки аксинча 15 суткагача тиқиб қўйишади.”

Бу нимани англатади?

Маълумки, жиноят ишини очиш учун сабаб бўладиган ҳолатлардан бири бу — қонунбузарлик ҳолатининг ижтимоий тармоқ ва ОАВда эълон қилинишидир. Яъники, бунинг учун жабрланувчи ёки гувоҳ аризаси шарт бўлмайди. Аммо, мазкур лойиҳа жорий этилса, фуқаролар шунчаки қонун бузилиши ҳолатларининг қурбони ёки нувоҳи бўлиб қолишга мажбур бўлади. Негаки, расм/видеоёзувга олиш орқали ўзини ҳимоя қилиш имкони йўқолиб, аксинча, ўзига нисбатан қонуний хавф туғилади. Хўш, ниам қилиш керак, юқори турувчи идораларга арз қилишми? Афсуски, идорасидан соппа-соғ кирган одамлар ўлиб чиқаётган одамни “ўз жонига деразадан сакраб қасд қилди” дея ёпиб юборишга уринган тизим бошқа ҳолатларга ҳам тегишлича важ-баҳона топиши, сувдан қуп-қуруқ чиқиши турган гап. Фуқаро эса, ўзини ҳимоя қилиш учун далил тўплаш ва уни судга ёки жамоатчилик назоратига тақдим этишдан ҳам маҳрум бўлади. Хуллас, эскилар айтганидек, “Замона зўрники, томоша кўрники” буёғи...

Маълумот ўрнида, Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддаси икки қисмдан иборат бўлиб, 195-модда Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш, 195–¹- модда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатишдан иборат.

Теги :
Jamiyat