$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Янги йилдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

huquq ustuvorligi

Янги 2024 йил яқин. Хўш қонунчиликда яна қандай ўзгаришлар ва янгича нормативлар кутилмоқда? Uz24.uz сайти таҳририяти сиз учун ушбу ўзгаришларни бир ерга жамлади.

Малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, 2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади.

Бунда 2023/2024 ўқув йилидан ўқитувчилар стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди ва 1 йилда сертификат олиши талаб этилади.

Шунингдек, мазкур фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.

Бунда малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади.

Бола туғилгач, мактабда онлайн ҳисобга қўйилади

 «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан мактаб директорларини ҳар 5 йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади.

Бунда, сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.

Бундан ташқари 1 январдан бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган мактабда онлайн ҳисобга қўйилади; мактабларнинг ҳар ўқув йили учун қабул режаси my.maktab.uz электрон платформасида шакллантирилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий хизмат

        «Оториноларингология хизматини такомиллаштириш ва унинг кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан оториноларингология ва юз-жағ жарроҳлиги йўналишларидаги тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

Шунингдек, 2024 йилдан заиф эшитадиган болаларни кохлеар имплантация амалиётига тайёргарлик даврида қўшимча йилига камида 2 000 та рақамли эшитиш мосламалари билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Cувни тежовчи технологиялар учун кредитлар ажратилади

Президент Фармони билан «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 январдан:

  • давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;
  • Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиб, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;
  • банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича, фоиз ставкаси асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.
  • Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида ташкил этилади;
  • оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
  •  республиканинг узоқ муддатли сув баланси прогнозини юритиш, сув ресурсларини тежаш дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
  •  Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредитлар 10 фоиз ставкада (фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига) ажратилади.

 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр

«Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади.

 Маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш муддати узайтирилди

  Президент фармони билан «2022–2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонга ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, 2024 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини ижобий клиник синовлар натижалари, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда сертификатлаш жараёнлари асосида 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади. (Илгари 3 йил эди)

 Юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади

  «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:

·       автомобиль йўлларида бажариладиган иш турлари қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашдан иборат бўлади;

·       лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим жорий этилади;

·       автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади;

·       йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади.

Лойиҳалаштиришда янги тартиб

«Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:

·       ичимлик сув ва оқова сувни чиқариб юбориш нархлари маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш, молиявий харажатлар, солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб чиқиб шакллантирилади;

·       янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади.

Пенсияни мобиль илова орқали олиш мумкин бўлади

«Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан:

·       фуқароларга пенсия тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

·       фуқаролар пенсия тайинланганидан сўнг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларини ЯИДХП ёки АТ «Халқ банки»нинг мобиль иловаси орқали олиши мумкин бўлади. 

Бунда, Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартиби бекор қилинади.

1,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит

«Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан профессионал футболдаги фаолиятини якунлаган футболчи ва мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ижобий хулосаси асосида уларнинг хусусий секторда амалга оширадиган футболни ривожлантириш лойиҳалари учун миллий валютада 1,5 миллиард сўмгача 5 йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредит ажратилади.

 Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот марказида футбол тренери, футбол ҳаками, футбол таҳлилчиси, футбол селекционери (скаут), спорт психологи, футбол менежери, футбол маркетологи каби мутахассисликларга ўқитиш йўлга қўйилади.

Микроқарзнинг энг юқори миқдори 100 млн. сўмгача оширилади

«Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ,2024 йил 1 январдан:

·       микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади;

·       нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;

·       микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

·       жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилади;

·       микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади;

·       жисмоний ва юридик шахслар томонидан нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади.

Бунда, олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилади.

 Айрим тиббиёт ходимларнинг маоши оширилади

Президент Фармони (ПФ-197-сон, 20.11.2023 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–136-сон Фармонининг 1-бандида назарда тутилган қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ва ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари) нисбатан ҳам татбиқ этилади:

ойлик лавозим маошлари:

·       олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;

·       иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;

·       тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.

Давлат экологик ва шаҳарсозлик экспертизаларидан ўтказиш талаби

«Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, 2024 йил 1 январдан атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага ва II тоифага кирувчи янги объектларни лойиҳалаштиришда юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилиши кўзда тутилмаган лойиҳаларни давлат экологик ва шаҳарсозлик экспертизаларидан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни, уларни ўрнатмаган ҳолда фойдаланишга қабул қилиш ман этилади.