$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳуқуқий саводхонлик соати: Қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар

huquq17

Ҳуқуқий саводхонлик соати: ҳафта давомидаги оширилган жаримаю солиқлар, коммунал хизматлар учун компенсация.

Айрим шахсларга коммунал хизматлар бўйича компенсация тўланади

Пенсия жамғармаси хабарига кўра, Молия вазирлигининг 2010 йил 30 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида”ги низомга мувофиқ, қатор шахслар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори (ҳозирги кунда 372 минг сўм)нинг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади.

Ушбу шахслар:

Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ёки нафақа олувчилар;

Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

Чернобил ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар.

Шунингдек, ёши 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсия ва нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланган.

Пенсия ва нафақа тўловини тўхтатиб туриш бўйича давлат хизмати ишга тушди

Эндиликда фуқаролар онлайн ариза бериш орқали my.gov.uz порталидаги «Пенсия ва нафақа беришни тўхтатиб туришга ариза бериш» хизмати ёрдамида мазкур тўловларни ортиқча оворагарчиликсиз тўхтатиб туриши мумкин. 

Ушбу хизмат, жумладан, вақтинчалик пенсия ёки нафақа керак бўлмаган ва уларни олишни маълум муддатга тўхтатиб туриш зарурати юзага келган, мамлакат ташқарисида бўлганлик учун маълум вақт давомида пенсия ёки нафақа тўловларини ололмаслик ҳамда фуқаронинг ҳаётида тўловларни вақтинчалик тўхтатиб туришни талаб қиладиган ўзгаришлар юз берган ҳолатларда керак бўлиши мумкин.

Мазкур хизматни олиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди. Кўрсатилган давлат хизмати учун эса тўлов ҳам ундирилмайди.

Хизмат ариза топширилгандан сўнг автоматик тарзда кўрсатилади.

Дрондан фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади

Дрондан фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган мажлисида «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутиляпти.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мол-мулк солиғи тўловлари оширилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ЎзАга маълум қилишича, 2024 йилнинг 1 январдан бошлаб, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг асосий ставкасини (1,5 фоиз) сақлаб қолган ҳолда, солиқ базасини аниқлашда 1 кв.м учун ўрнатилган минимал қиймат индексация қилинмоқда.

Тошкент шаҳри учун – 3 млн сўм (амалда 2,5 млн сўм), Нукус шаҳри ва вилоят марказлари учун – 2 млн сўм (амалда 1,5 млн сўм), бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойлар учун – 1,2 млн сўм (амалда 1 млн сўм).

Браконерлик учун жарима миқдори оширилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Қизил китоб»га киритилган ўсимликларга етказилган зарар учун жарималар миқдорини ҳисоблаш коэффициентларини беш баравар оширишни назарда тутувчи қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, тоифага қараб ҳар бир ўсимлик учун қуйидаги миқдорлар олинади: 

- йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар – БҲМнинг 10 баравари;

- ноёб турлар – БҲМнинг 4 баравари;

- камайиб бораётган турлар – БҲМнинг 2,5 баравари. 

Шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш натижасида етказилган зарар учун жарима миқдори 10 баробарга оширилди. Масалан, қуйидаги жарималар миқдори белгиланади:

- битта қор қоплонини йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқаросидан БҲМнинг 3 000 баравари, хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан эса 400 000 АҚШ доллари ундирилади;

- битта эчкини йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқаросидан БҲМнинг 2 000 баравари, хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан эса 300 000 АҚШ доллари ундирилади;

- битта сайғоқ ёки жайронни йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқаросидан БҲМнинг 500 баравари, хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан эса 50 000 АҚШ доллари ундирилади;

- битта тувалоқ йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқаросидан БҲМнинг 1 000 баравари, хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан эса 100 000 АҚШ доллари ундирилади.