$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси: энг паст кўрсаткич – Бухоро, Самарқанд ва Фарғонада

huquq ustuvorligi

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йил натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар бермоқда.

 7 та йўналиш, 32 та индикатор

Ҳудудларнинг индекси 7 та йўналишдаги 32 та индикаторлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг 85 мингдан ортиқ статистик маълумотлари ҳамда 24 мингга яқин аҳоли, депутатлар, судьялар, тадбиркорлар, адвокатлар, журналистлар, ННТ вакиллари ўртасида ўтказилган сўровлар натижасига асосланади ва барча маълумотлар инсон омилисиз шакллантирилган.

Энг яхши кўрсаткич Сурхондарёда

2022 йил якунлари бўйича Индексда энг яхши кўрсаткични Сурхондарё вилояти (72 балл) қайд этган бўлса, энг паст кўрсаткичларни Бухоро (67,8 балл), Самарқанд (66 балл) ва Фарғона вилояти (66 балл) қайд этилган.

Қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича энг ёмон натижа Самарқандда

Ҳудудларда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши йўналиши – 81 балл тўплаган ва 2021 йилга нисбатан 8 балл юқорилаган. 

Қонун ҳужжатларига риоя этишнинг энг паст даражаси Самарқанд (60,5 балл) вилоятида, энг яхши ҳолат Навоий (78,9 балл) вилоятида қайд этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши Фарғонада қониқарсиз

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши – 71 балл тўплаган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 1 баллга камайган. 

Ушбу йўналиш бўйича яхши кўрсаткични Сурхондарё (72,5 балл), қониқарсиз кўрсаткични Фарғона (66,3 балл) вилояти қайд этган.

Одил судлов кўрсаткичи Тошкентда енг паст

Одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши – 67 балл тўплаган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 1 баллга камайган. 

Ушбу йўналишда Фарғонанинг (73,6 балл) кўрсаткичи яхшироқ бўлиб, Тошкент шаҳрида (57,5 балл) эса кўрсаткич анча пастлигини кузатиш мумкин.

Хавфсизлик таъминланганлиги бўйича энг қўйи кўрсаткич Қорақалпоғистонда

Ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизликнинг таъминланганлиги – 63 балл тўплаган (2021 йилда – 63 балл). 2022 йилда фуқаролар соғлиғига ва мулкига тажовуз қилишга оид жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар сони 189 минг 157 тани ташкил қилган, 126 минг 288 (67%) нафар фуқаро жабр кўрган.

Маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши – 62 балл тўплаган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 1 баллга яхшиланган. 

Ушбу йўналишда республиканинг ўртача кўрсаткичи 62 балл бўлса, энг яхши кўрсаткич Сурхондарё ва Фарғонада (70 балл), энг қўйи кўрсаткич эса Қорақалпоғистонда (52 балл) эканлиги аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги Фарғонада қониқарсиз

Коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги – 73 баллни ташкил этган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 1 баллга яхшиланган. 

Бу йўналишда Қорақалпоғистон (81 балл) ижобий кўрсаткични қайд этган бўлса, Фарғонада (61 балл) қониқарсиз аҳвол кузатилди.

Ҳокимият институтларининг шаффофлиги Самарқандда юқори

Ҳокимият институтларининг шаффофлиги – 64 балл тўплаган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 9 балл юқорилаган. 

Ҳокимият институтларининг шаффофлик кўрсаткичи ҳудудлар бўйича нисбатан яхшироқ вазият Самарқандда (72,5 балл) қайд этилган бўлса, Фарғонада (66,3 балл) ушбу кўрсаткич пастроқ ҳисобланади.

Веб-сайтларни юритишда қонунчилик талабларига риоя қилиш 

Веб-сайтларни юритишда қонунчилик талабларига риоя қилиш кўрсаткичи нисбатан паст ҳудудлар сифатида Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари қайд этилган. 

Энг яхши кўрсаткич Қорақалпоғистонга тегишлилиги аниқланди.

❗Таъкидланишича, кўрсатилган муаммо ва камчиликлар Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларига салбий таъсир ўтказмоқда.