ЎРВИ: вазият шунчалик жиддийми?
Бу йил вирусли касалликлар, айниқса, ёш болаларда ўзгарувчан симптомлар билан кечмоқда, йўтал, тана ҳарорати 38 даражадан тушмаяпти, суяклар оғриши, кўнгил айниши, диарея, шифохоналар эса аллақачон тўлиб бўлган. Буни куни кеча ССВ раҳбарияти ҳам тан олиб, таъкидлаб ўтди
4 daqiqa o‘qiladi

Юртимизда ноябрь ойи бошидан бери ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) касалликлари авж ола бошлади. Бу йил вирусли касалликлар, айниқса, ёш болаларда ўзгарувчан симптомлар билан кечмоқда, йўтал, тана ҳарорати 38 даражадан тушмаяпти, суяклар оғриши, кўнгил айниши, диарея, шифохоналар эса аллақачон тўлиб бўлган. Буни куни кеча ССВ раҳбарияти ҳам тан олиб, таъкидлаб ўтди. Ушбу вазият эса ота-оналардан фарзандлари саломатлигига янада эътиборли бўлишни талаб этади. Бироқ кўпчилик одамлар орасида тарқалаётган миш-мишлар сабаб ортиқча ваҳимага берилмоқда, томоғи қизарган ёки шамоллаган фарзандини одам кўп, навбатлар узун шифохоналарга олиб бориб, вирус юқтирмоқда. Мана шундай шароитда ЎРВИ ўзи нима, белгилари қандай,нима учун кўпроқ ёшлар касалланмоқда, касалликка қарши курашиш усуллари ҳақидаги саволларга мутахассислардан жавоб оламиз.
Нима учун кўпроқ болалар?
ЎРВИ — энг кўп тарқалган нафас олиш касалликлари гуруҳи. Бугунгача ушбу инфекцияни чақирувчи вирусларнинг 200 дан зиёд тури аниқланган. Бу гуруҳга вирусли — грипп, парагрипп, аденовирус, ротавирус, энтеровирус, шунингдек, бактериал — пневмококк, менингококк, стафилококк кабилар киради, – дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманноп Абдуқаюмов. Таъкидланишича, ушбу касаллик ҳаво-томчи орқали юқиб, нафас йўлларининг турли қисмлари яллиғланиши ва интоксикация синдроми билан кечади. ЎРВИ болаларда юқумли касалликлар умумий кўрсаткичининг 90 фоизини ташкил этиб, уларнинг барчаси мавсумий характерга эга. Яъни, бу инфекциялар айнан куз-қиш мавсумида кўп учрайди. Сабаби, бу пайтда 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизларда иммун тизими сустлашиб, заифлашган ёш организм вирусларга қарши ҳимоясиз бўлиб қолади. Қолаверса, аксарият ота-оналар фарзанди бемор бўла туриб, уларни мактабгача таълим муассасаси ва мактабга юборишга қаршилик қилмайди. Натижада бир-бирлари билан яқин мулоқотда бўлган болалар орасида касалликнинг кенг тарқалишига имкон яратилади. Шу сабабли вирусга чалинган ўғил-қизларни алоҳидалаш ва уни якка тартибда даволаш лозим.
Белгилар
Касаллик пайтида асосан аксириш, бош оғриғи, иситма, йўтал, бурун оқиши ва битиши каби катарал белгилар кузатилади. Шунингдек, катта болалар томоқ оғриғидан шикоят қилса, кичик ёшдагилар томоқ қизариши оқибатида овқат ейишга қийналади. Қолаверса, овоз бўғилиши, йўтал, мушаклар ва бўғимларда оғриқлар пайдо бўлиши, иштаҳа пасайиши, ҳарорат ошганда эса қайт қилиш кузатилиши мумкин. Албатта, бу белгилар қайд этилганда, ота-оналар фарзанди саломатлигига янада эътиборли бўлишлари зарур. Бироқ хавотирга тушиш керак эмас. Афсуски, кўпчилик фарзандида ЎРВИ сабабли бироз иситма кўтарилса, тез саросимага тушиб қолади. Шошмашошарлик эса кўпинча нотўғри оқибатларга олиб келади. Шу боис, агар боланинг тана ҳарорати кўтарилиб, унда тумов белгилари кузатила бошласа, энг аввало, оилавий шифокор кўригидан ўтиш лозим. Ўзбошимчалик билан болага антибиотиклар бериш асло мумкин эмас. Сабаби, ЎРВИ ҳамда гриппда антибиотиклар ёрдам бермайди. Аксинча, жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Қолаверса, хасталик енгил босқичда ўтаётган бўлса, болани стационар шароитда даволаш шарт эмас. Чунки бу хасталикни аксарият ҳолларда уй шароитида муолажа қилиш мумкин. Бунинг устига, стационар шароитда даволаниш беморнинг иккиламчи инфекцияларни юқтириб олишига замин яратади, дея маслаҳат беради шифокор.
Энг самарали усул
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мавсумий юқумли касалликлардан, хусусан, гриппдан ҳимояланишда энг яхши восита сифатида эмлашни тавсия этади. Мавсум аввалида гриппга қарши вакцина олиш уни юқтириш эҳтимолини 90 фоизга, оғир кечиш эҳтимолини эса 60 фоизга қисқартиради. Эмлашнинг кузнинг аввалида олиш мақсадга мувофиқ, чунки касаллик кенг тарқалган давр ноябрь — март ойларига тўғри келади. Юртимизда ҳам грипп юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар контингенти тасдиқланган бўлиб, «Меҳрибонлик» уйлари; қариялар ва ногиронлар учун «Саховат» интернат уйлари, ногиронлар ҳамда ногирон болалар учун «Мурувват» интернат уйлари; болалар шаҳарчалари;болалар уйлари; жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар; давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари; умумтаълим мактаблари ўқитувчилари; тиббиёт ходимлари; давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари бепул эмланади.



