Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Эҳтиёт бўлинг, магнит бўрони: унга қарши чоралар қандай?

Бу атама сўнгги йилларда тез-тез диққат марказига чиқмоқда. Ҳатто бир талай касалликларнинг қўзғалиши шу ҳодиса билан боғланяпти. Ҳақиқатан ҳам магнит бўронлари соғлик учун шунчалар хавфлими, ушбу ҳодиса асосан кимларга зарар етказади?

3 daqiqa o‘qiladi

Эҳтиёт бўлинг, магнит бўрони: унга қарши чоралар қандай?

Магнит бўронлари. Бу атама азалдан бор, аммо сўнгги йилларда кўп диққат марказига чиқмоқда. Ҳатто бир талай касалликларнинг қўзғалиши шу ҳодиса билан боғланяпти. Ҳақиқатан ҳам магнит бўронлари соғлик учун шунчалар хавфлими, ушбу ҳодиса асосан кимларга зарар етказади? Ўзи магнит бўронлари қандай ҳодиса?

Ҳаммага бирдек таъсир қилмайди

Магнит бўронлари, бу — одатда қуёш фаоллиги таъсирида ер магнит майдонининг кескин ўзгаришидир. Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг йирик майдонларида кузатилади. Инсон об-ҳавонинг инжиқликлари ёки кутилаётган магнит бўронини танасининг маълум аъзоларидаги ўзгаришлар, оғриқ ёки санчиқлар орқали сезади. Бутунлай соғлом инсонларнинг организми бундай белгиларни ҳис этолмайди, бироқ сурункали хасталиклардан азият чекувчи беморларда эса юқоридаги аломатлар бўй кўрсатиши мумкин. Айниқса юрак-қон томир, асаб соҳасининг доимий касалликларига эга инсонлар бу жараёнларни оғир ўтказишади. Магнит бўрони пайтида гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайишига таъсир қилади ва ҳолсизлик, жиззакилик, реакция сусайиши ёки кучайиши каби белгилар пайдо бўлади. Магнит бўронлари пайтида юзага келадиган симптомлар:

• қон босими ошиши;

• ишлаш қобилиятининг пасайиши;

• бош оғриғи;

• бош айланиши;

• хавотирланиш ҳисси;

• сурункали касалликларнинг кучайиши.

3 000 марта магнит бўронларини бошдан кечирасиз

Тадқиқотчилар томонидан инсон умри давомида ўртача 3 000 марта магнит бўронларини бошдан кечириши ҳисоблаб чиқилган. Табиатнинг ушбу инжиқлиги саломатлигингизга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун шифокорлар томонидан берилган бир неча тавсияларга амал қилиб бориш керак. Аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўпроқ ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган банан ва бошқа цитрус мевалардан истеъмол қилиш зарур. Шунингдек, қон томирларида тромблар ҳосил бўлишининг олдини олиш учун организмда холестерин миқдорини камайтиришга интилиш керак. Демак, бундай кунларда қаттиқ қовурилган ва ёғли таомларни чеклаш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан бутунлай воз кечиш мақсадга мувофиқ. Қондаги адреналин ва норадренолин миқдорини меъёрга келтириш учун қувватни сайр қилишга сарфлаш тавсия этилади. Ёки лимонўт, мармарак каби ўсимликлардан дамлама тайёрлаб кун давомида оз-оздан ичиб бориш керак. Контраст душ қабул қилиш эса айни муддао. Биринчидан, сув ҳароратининг кескин ўзгариши қон томирларини кенгайтириб қоннинг яхши айланишига хизмат қилса, иккинчидан, сув мушаклардаги тортишишини камайтиради. Интернет тармоғидан магнит бўрони юз бериши кутилаётган кунларни аниқлаштириб, шу кунларда жисмоний ҳаракатни имкон қадар чеклаш керак. Спорт машғулотлари билан шуғулланишни ҳам бир неча кунга кечиктирилса бўлади. Имкон қадар тозаланган, ҳеч бўлмаганда, тиндирилган сув ичишга интилиш лозим. Чунки жўмракдан келаётган ичимлик суви таркибида ҳам турли металл қолдиқлари ва хлор бўлиши мумкин.