$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

БМТ: 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл зўравонлик қурбони бўлмоқда

Sexual abuse

Ўзбекистонда 25 ноябрдан бошлаб «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» шиори остида «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» лойиҳаси бошланади. Бу ҳақда 22 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирда маълум қилинди, дея хабар берди Сенат матбуот хизмати. Ушбу глобал лойиҳа жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилади.

«Гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларнинг билмаслигини кўриб турибмиз. Ривожланаётган, ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади», — дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Нарбаева тадбирда.

«Мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, шундан 2 таси қонунлардир. Шу билан бирга жамиятимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб турибди, бундай холатларни энди яшириб бўлмайди. Аммо баъзи опа-сингилларимиз ўзлари билан содир бўлган зўравонлик ҳолатларини ошкор қилмасликни афзал кўришларини ҳам яхши биламиз», — каби фикрларини ҳам билдириб ўтган.

БМТ маълумотларига кўра, 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрамоқда.

Май ойида президентнинг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, у зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига барҳам беришга қаратилган эди. Маҳалла ва оилани қўллаб — қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Шу вақтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва тезкор руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш мақсадида «1146» Ишонч телефони «AZIZ-AYOL.UZ» ягона интерактив миллий платформаси билан мувофиқлаштирилди, дейилади парламент юқори палатаси хабарида.

Оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш юзасидан “Йўл харитаси” ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, бундай қилмишлардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни ёритиш “Медиа режаси” тасдиқланган. 

«Ушбу йўналишда дастлабки қадамлар қўйилди, аммо олдинда узоқ ва машаққатли ишлар турибди. Бу курашда ҳар биримизнинг иштирокимиз муҳим. Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ҳар бир аёл ва қизнинг сифатли тиббий хизмат ва таълим олиши, муносиб иш билан таъминланиши, зарур ҳолларда, ижтимоий ҳимояланишига ишонаман. Энг муҳими, уларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланганлиги, ҳаётлари ҳавф остида эмаслигига ишончни шакллантиришдир», — дея қайд этди Сенат раҳбари.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган мутахассислар фикри ва бошқа маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича таклифларнинг инобатга олиниши натижасида давлат томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ўз самарасини бериши мумкин.

Теги :
Jamiyat