$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини икки ҳисса оширди

Газ Gaz

26 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда “Газпром” бошқаруви раиси Алексей Миллер “Газпром” компанияси кучли совуқ фонида Тошкент сўровига кўра Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш ҳажмини икки баравар оширганини маълум қилган.

Икки ҳисса кўпроқ

Унинг сўзларига кўра, “Газпром” Ўзбекистонга газ етказиб беришни кунлик мажбуриятдан икки баробар кўп газ етказиб, сўровларни тўлиқ қондиряпти. Газ “Марказий Осиё — Марказ” газ транспорт тизимининг максимал ўтказиш имконияти миқдорига етган.

“Декабрда Ўзбекистонга совуқ ҳаво кириб келди, ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимиздан икки баравар кўпроқ ҳажмда оширишни сўради. Ҳозирда Ўзбекистонга «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб беряпмиз” — деган Миллер.

Санкт-Петербург шартномаси

Юқоридаги шартномага 2023 йилнинг 16 июнидаги Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер томонидан имзо чекилган. Россия газини Ўзбекистонга экспорт қилиш ва уни Қозоғистон ҳудуди орқали ташиш бўйича шартномада яқин икки йил ичида Россия ўзбекистонлик истеъмолчиларга йилига 2,8 млрд кубометр (кунига 9 млн кубометр) газ етказиб бериши керак бўлган. “Лойиҳа мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини таъминлаш, “мовий ёқилғи”ни кафолатли етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш йўлида олдинга ташланган катта қадам, истеъмолдаги мавсумий номутаносибликни қоплаш, аҳолини газ ва электр энергияси билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш учун энергия ресурсларининг қўшимча ҳажмлари демак”, — дея сўз боради президент матбуот хизмати баёнотида.

Россиядан импорт, Хитойга экспорт

Ўзбекистон Россиядан газ импорти ҳажмини оширган бир паллада Хитойга экспорт ҳажмини оширган.

Ноябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 54,59 млн долларлик газ сотган. Йил бошидан буён экспорт ҳажми 509,03 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилги экспорт кўрсаткичи бундан икки баравар кам бўлган эди.

Газ конденсатини қазиб олиш пасайиб бормоқда

22 декабрь куни сайтимизда Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида газ қазиб олиш ҳажми 42,75 млрд куб метрни ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,56 млрд куб метрга камайганини маълум қилган эдик.

Унга кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида ойига ўртача 4,3 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 3,89 млрд куб метрни ташкил этган. Ноябрь ойида ишлаб чиқариш 3,79 млрд куб метргача пасайди — бу аввалги ойдаги билан деярли бир хил, лекин 2022 йил ноябрь ойига (4,3 млрд) нисбатан 10,2 фоиз ёки 433,8 млн куб метрга кам. Расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қопламоқда, бу эса Ўзбекистонни газнинг соф импортёрига айлантиради.