$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Халқ ҳисобни билмайди, уни алдаш мумкин(ми?)

Jo‘rabek Jurabek Mirzamahmudov Mirzamakhmudov Жўрабек Мирзамаҳмудов

Ижтимоий тармоқлар куни кеча Энергетика вазилиги вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг “Келаси йилдан электр энергияга бўлган эҳтиёжимизни 100 фоиз қоплай оламиз”, деган гапи кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, Мирзамаҳмудов келгуси йилда энерготизимда локал даражадаги турли авариялар рўй бериб туриши мумкинлигини, лекин электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энг юқори истеъмол даврларида ҳам талабни қондира оладиган даражага етишини таъкидлаб, “Агар бу вазифани бажара олмасак, мен ва тизимдаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз”, дея фикрини якунлади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов юқоридаги барча маълумотларни журналист Азиза Қурбонованинг “Ўзи нима гап?” кўрсатувида айтиб ўтди. Кўрсатув 20 декабрь куни YouTube платформасига жойланган. Кечадан буён энергетика вазиримизнинг айтганлари эл оғзида, блогер, журналист ҳамда соҳа мутаҳассисларининг таҳлилидаги асосий мавзу бўлиб турибди. 

“Ўртоқ, энергетиклар, яна нимани кутяпсизлар?”

Собиқ Узгидромет ҳодими ва ўз саҳифасида гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари ҳамда турли тадқиқодлар бериб борувчи Эркин Абдулаҳатов ҳам вазирнинг кўрсатувдаги сўзлари ҳақида ўз саҳифасида пост қолдириб, баъзи айтилган гаплар аслида айтилганидек эмас, хато эканлигини ёзиб ўтди. Абдулаҳатовга кўра, жорий мавсум совуқ ҳаво оқими жанубий вилоятларга деярли таъсир қилмаган. Термизда ўтган 20 кунликда суткалик минимум ҳарорат бирор кун бўлсин, ҳатто ноль даражадан пасаймаган. Нукус таянч кузатув пунктида эса тунги ҳароратларнинг кескин пасайиб кетганини кўриш мумкин.

Тошкентда 12-14 декабрь кунларигина ҳарорат минимумлари -10 даража совуқдан пастга шўнғиган. Умуман олганда, пойтахтда ўтган 20 кунликда ҳароратнинг нол даражадан пасайиши 8 кун кузатилиб, унинг тўрт кунида минимал ҳароратлар нол даражадан бироз пасайган ,холос.

Энергетика вазири кўрсатув давомида Тошкент учун -20 даража совуқлик билан боғлиқ янглиш маълумотларни тақдим этган. Тошкентда минимал ҳаво ҳарорати 13 декабрь куни бир оз муддат -15,9 даража совуққа тушган

“Ўртоқ, энергетиклар, яна нимани кутяпсизлар? Харорат хўв декабрь бошида, метан заправкалар барқарор ишчи холатда бўлган моментга ўтиб бўлди.”, — дея кинояли оҳангда фикрини якунлаган Эркин Абдулаҳатов.

Қай бирига ишониш керак?

Бундан бир кун аввал иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам вазирнинг кўрсатувдаги фикрларига муносабат билдирар экан, бир қизиқарли вазият ҳақида ёзиб қолди. Бундан бир ой аввал Мирзамаҳмудов Қонунчилик палатасида берган маълумотида газ омборларидан ўтган йили кунига максимум 18 млн.куб газ олингани, бу йил эса шу миқдор 40 млн.кубга етказилганини айтган.

20 декабрь кунидаги кўрсатувда эса вазиримиз газ омборларидан ўтган йили кунига максимум 28 млн.куб газ олингани, бу йил шу миқдорни 33-34 млн.кубга етказа олишганини таъкидлаган. Қизиқ, қай бирига ишонишимиз керак энди. Иқтисодчи “агар қурилган янги станциялар ҳисобига омборлардан 40 млн.куб газ олиш мумкин бўлган бўлса, нима учун 12–15 декабрь кунлари мавжуд газ заправкаларининг яримидан кўпи ишламади?”, дея ўринли ва қизмқ савол қолдиради.

Яна бир тушунмовчилик

Бакировнинг яна бир постига тўхталамиз. Иқтисодчи навбатдаги постида “Хўжаобод” газ омборининг қуввати 900 млн, “Газли” газ омборининг қуввати эса 3 млрд кубометр эканлигини келтириб, расмийларнинг камера олдида берган ваъдаларига кўра, 25 ноябрь ҳолатига ерости газ омборларимиз “100 фоиздан ортиқ” тўлдирилган эканлигини эслатади. “Демак, декабрда илк минус ҳарорат қайд этилмасидан аввал омборларда камда 3,9 млрд.кублик газ бўлган.

Энергетика вазирининг ўзи икки жойда эълон қилган икки хил версиядаги маълумотга ишонилса, омборларда тўпланган газ максимал тортиб олинганидаям биринчи версияда 97 кунга, иккинчи версияда 115 кунга етиши, яъни қишдан ҳеч бир чекловларсиз, ўйнаб кулиб чиқиб олишимиз керак эди”, — деб ёзади Бакиров.

Газ конденсатини қазиб олиш пасайиб бормоқда

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида газ қазиб олиш ҳажми 42,75 млрд куб метрни ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,56 млрд куб метрга камайган.  

2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида ойига ўртача 4,3 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 3,89 млрд куб метрни ташкил этган. Ноябрь ойида ишлаб чиқариш 3,79 млрд куб метргача пасайди — бу аввалги ойдаги билан деярли бир хил, лекин 2022 йил ноябрь ойига (4,3 млрд) нисбатан 10,2 фоиз ёки 433,8 млн куб метрга кам. Расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қопламоқда, бу эса Ўзбекистонни газнинг соф импортёрига айлантиради.