$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёев Франциянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Фото: Daryo Фото: Daryo

Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Medef Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готе, Airbus, Orano, Суэз, Alstom, Total Eren, EDF, Schneider Electric, Natixis каби 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Президент учрашув иштирокчиларини қутлаб, расмий ташрифнинг биринчи кунидаги тадбирлар ишбилармонлик масалаларига бағишланганига эътибор қаратди.

Бу Ўзбекистон муҳим ва ишончли ҳамкоримиз – Франция билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъийлигидан яна бир бор далолат беради, – деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Валюта бозори эркинлаштирилди, фойдани репатриация қилишга барча чекловлар бекор қилинди, банклар, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий қилинмоқда. Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ тадбиркорликни янада рағбатлантириш, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларда аниқ чоралар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интиляпмиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Жаҳондаги бугунги беқарорлик шароитида манфаатларни ҳисобга олиш ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ва конструктив шерикликни чуқурлаштириш тобора муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Шу маънода, Франция бизнесининг Ўзбекистон бозорига чиқиши учун катта истиқболлар очилмоқда. Мамлакатнинг жозибадорлиги Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик давлатлиги, маҳсулотлари МДҲнинг улкан бозорига божсиз етказиб берилаётгани билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар кўринишида қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, «яшил» энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.

Шерикликни кенгайтириш режалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Франция ишбилармон доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Мамлакатда қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилди.

Франция бизнес делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлатимиз раҳбари тадбиркорларни мамлакатимизга келиш ва Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг қулай жой эканига ишонч ҳосил қилишни таклиф қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг масъул раҳбарларига тадбирда билдирилган барча ташаббусларни ўз ичига олган ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, аниқ муддатлари ва ижрочилари кўрсатилган Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.