Легионерларимиз сони ортмоқда ёхуд Аббоснинг “Бавария”га, Диёрнинг Италия А сериясига трансфери ҳақиқатга яқин(ми?)
Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари янги клублари билан шартномага имзо чекишмоқда. Баъзи футболчилар эса гранд жамоалар эътиборидалиги айтилмоқда.
4 daqiqa o‘qiladi

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогидаги юришини якунлагач, аввал хабар берганимиздек терма жамоанинг қолган аъзолари ҳам аста-секин янги жамоаси билан шартномага имзо чекишмоқда. Бу галги мақоламизда терма жамоа аъзоларининг тасдиқланган ва тасдиқланмаган трансферлари ва уларга бўлаётган қизиқишлар ҳақида сўз боради.
Осиё Кубогига эркин агент, яъни маълум бир клубга тегишли тарзда йўл олмаган футболчилар қуйидагилар эди:
Умар Эшмуродов
Остон Ўрунов
Жамшид Искандеров
Ўткир Юсупов
Отабек Шукуров
Муобақа давомида Ўзбекистон терма жамоасининг ўзгармас ҳимоячиси Умар Эшмуродов “Насаф” билан шартномаси тугагани боис фаолиятини Малайзия чемпионатида давом эттириши маълум бўлганди. Умар “Селангор” клуби билан келишувга эришган. Эшмуродов ва ушбу жамоа ўртасида икки йиллик шартнома тузилгани айтилмоқда. Маълумот учун, ушбу клуб келаси йили Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Ўткир Юсупов ва Жамшид Искандеров "Навбаҳор" билан шартномани узайтиргани маълум бўлди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берган. Кейинчалик терма жамоанинг яна икки асосий таркиб ўйинчилари Одил Ҳамробеков ва Фарруҳ Сайфиев ҳам "Навбаҳор" билан шартнома имзолагани маълум бўлди.
Тасдиқланган ва аниқ маълумотлар:
Жалолиддин Машарипов
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жалолиддин Машарипров Эроннинг айни вақтдаги маҳаллий лигаси пешқадами “Истиқлол” футбол клубига ўтди. Футболчи яқин кунлар ичида Теҳронда тиббий кўрикдан ўтади ва шартнома имзолаш бўйича якуний жараёнларга киришади. Эрон футбол клуби бош директорининг маълум қилишича, шартнома муддати 1,5 йилга мўлжалланмоқда. Айни вақтда “Истиқлол” футбол клуби Эрон чемпионатида 32 очко жамғарган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Мусобақа якунига қадар ҳали яна 15 тур бор. Қўшимча маълумот ўрнида, Теҳрон клубида ўзимизнинг "Навбаҳор" даги каби трансфер тақиқи мавжуд бўлиб, клуб қарзларини тўламаса, Машариповни рўйхатдан ўтказа олмайди.
Остон Ўрунов
Терма жамоанинг яна бир асосий таркиб ўйинчиси Остон Ўрунов ҳам Эронга йўл оладиган бўлди. Футболчи Эроннинг "Персеполис" жамоаси билан 1,5 йиллик шартномага имзо чеккан. 23 ёшли вингер бу вақт давомида 900 минг АҚШ доллари ишлаб олади.
Ҳожимат Эркинов
“Пахтакор” билан мавсумнинг иккинчи қисмини “ёндирган” ва Ўзбекистон терма жамоасида етарлича имконият ва ишончга эга бўлмаган юқори маҳорат эгаси Ҳожимат Эрикнов БААнинг "Ал Ваҳда" жамоасига йўл оладиган бўлди. У янги жамоаси билан 2026 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккан. "Ал Ваҳда" футболчи учун "Торпедо"га 300 минг евро ўтказиб берган. Маълумот учун, Эркинов “Пахтакор” сафида ижара асосида тўп тепган эди.
Тасдиқланмаган хабарлар:
Аббосбек Файзуллаев
Охирги вақтда терма жамоа ва ЦСКА сафида тобора чарақлаб бораётган Аббосбек Файзуллайев атрофида ОАВ жуда кўп асоссиз янгиликларни айлантириб хайп ишлаб олаётгандек. Мисол учун унинг ўйинларини бир қанча номдор клуб скаутлари кузатаётгани ҳақидаги хабарга тўхталадиган бўлсак, уларнинг иши аслида шу эмасми, деган саволнинг ўзиёқ вазиятга адекватона ёндашиш учун кифоя қилади. Вазиятни аниқлаштириш учун мамлакатимиз футболини ёритишга ихтисослашган нашрлардан бири Бавария клуби билан боғлиқ маълумотлар билан ишловчи Франк Линкешдан Аббос ва Баварияга алоқадор вазият ҳақида фикр сўрайди. Мутахассис “Бавария” ҳозир бор эътиборини ҳимоявий ярим ҳимоячи топишга қаратгани, агар улар бу ўринга ўйинчи излашса, бу Испания ёки Франциядан бўлишини маълум қилган. Шунингдек, мутахассис "Бавария" кўпинча Европада машҳур бўлган футболчиларни сотиб олишини таъкидлаган. Яна бир мутахассис Мирон Гойхман эса ОАВда "Бавария"нинг Файзуллаэвга қизиқиши ҳақида пайдо бўлган маълумотлар кўпроқ ушбу иқтидорли футболчига қўшимча қизиқиш уйғотиш учун қилинаётган ишларга ўхшашини айтган. У “Германиядан мен таниган кўпчилик журналистлар бу хабарни табассум билан кутиб олишди. Агар "Бавария" бу футболчига ҳақиқатан ҳам қизиққан бўлса ҳам, энди трансфер имконсиз. «Бавария» ҳозирги вазиятда Россиянинг ҳеч бир клуби билан ҳеч қандай келишувга эриша олмаслиги аниқ”, дея сўзларини якунлаган.
Азиз Турғунбоев
Аввалроқ қолган футболчиларимиз каби Эрон клублари Ўзбекистон терма жамоаси ва "Пахтакор" клубининг ўнг қанот вингери Азиз Турғунбоевга жиддий қизиқиш билдиришаётгани маълум қилинган эди. Қатардаги Осиё кубогида ёрқин ўйин намойиш этган футболчини қўлга киритишда Теҳроннинг "Истиқлол" клуби асосий даъвогар сифатида кўрилаётганди аммо сўнгги инсайдларга кўра Азиз Турғунбоев Туркиянинг “Сиваспор” клубига ўтмоқда. Шартнома муддати ва нархи ҳозирча маълум эмас.
Диёр Ҳолматов
Куни кеча Ўзбекистоннинг футбол ва спортга ихтисослашган ОАВларида Диёр Холматовнинг А серияга ўтиши ҳақида янгиликлар чиқишни бошлади. Маълум бўлишича, бу янгиликнинг нисбатан асоси бор. Бироқ¸ ҳозир Италияда трансфер ойнаси ёпиқлигини инобатга олсак, бу ишнинг яқин орада амалга ошмаслиги равшан. Қизиғи, ушбу трансферни ортида агентлар эмас клубнинг энг катта раҳбари тургани айтилмоқда.
Шундай қилиб, ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидаги вазият мана шунақа. Терма жамоага алоқадор бўлмаган қолган футболчиларимиз трансфери ҳақида кейинги мақолаларимизда маълумот берамиз.



