Бенземасиз “Ал Иттиҳод” Ўруновсиз “Навбаҳор”га қарши
ОЧЛнинг ўзбек клублари учун ёқимсиз тақвими ҳақида мушоҳада ва “Навбаҳор” — “Ал Иттиҳод” ўйинига превью.
3 daqiqa o‘qiladi

Бугун Наманган клублар ўртасидаги навбатдаги халқаро ўйинни қабул қилади. Маҳаллий “Навбаҳор” жамоаси Саудия Арабистонинг юлдузли таркибга эга “Ал Иттиҳод” клубини меҳмон қилади.
Рақамлардаги фарқлар
Умумий трансфер қийматлар: “Навбаҳор“ (8,45 млн. евро) — “Ал Иттиҳод” (106,18 млн. евро)
Жамоаларнинг ўртача ёш кўрсаткичлари: “Навбаҳор“ (26,8) — “Ал Иттиҳод” (27)
Таркибдаги легионерлар сони: “Навбаҳор“ (5 та, 22,7%) — “Ал Иттиҳод” (10 та, 29,4%)
Терма жамоа аъзолари сони: “Навбаҳор“ (6 та) — “Ал Иттиҳод” (10 та)
Таркибдаги энг қиммат ўйинчилар: “Навбаҳор” Одил Ҳамробеков (1,20 млн. евро) — “Ал Иттиҳод” Фабиньо (35 млн. евро)
“Навбаҳор“ таркибидаги йўқотишлар
Аввалги мақоламизда “Навбаҳор“ таркибидаги келди-кетдилар ҳақида маълумот бергандик. Унга кўра, жамоанинг энг заиф нуқтаси ҳимоя чизиғи бўлиб қолган. Шаҳбоз Жўрабеков, Лука Чермель, Игорь Голбан, Даврон Хошимов каби футболчиларнинг жамоани тарк этиши, клуб ютуқларидан бири бўлган мудофаани анча кучсизлантириб юборган. Маълум бўлишича, бугунги ўйинда наманганликларга Иброҳим Йўлдошев ҳам ёрдам бера олмайди. Бундан ташқари, Терма жамоа билан биргаликда Осиё Кубогида бўлиб қайтган Фарруҳ Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Жамшид Искандеров, Ўткир Юсупов ҳамда Жамшид Болтабоев умумий жамоанинг мавсум олди йиғинларида айтарлик иштирок эта олишмади. Булар асосий таркиб ўйинчилари эканлигини инобатга олсак, “Навбаҳор“ ва Самвел Бабаянг бугун осон бўлмайди.
“Ал Иттиҳод” таркибидаги йўқотишлар
Саудия Арабистони жамоаси таркиби кўплаб легионерлар билан бойитилган бўлса-да, ОЧЛ регламентига кўра фақатгина 5 футболчи хизматидан фойдалана олишини инобатга олсак, бу бизнинг жамоа учун фойдали бўлади. Ҳаммасидан ҳам яхшироғи Карим Бенземанинг Наманганга ташриф буюрмагани бўлди. Бу баъзи мухлислар учун ёқимсиз янгилик бўлиши мумкин, аммо клубнинг ҳақиқий жонкуярлари бундан барибир, кўп эҳтимол, хурсанд. Наманганга қуйидаги легионер футболчилар ташриф буюрган:
Аҳмад Ҳегазй
Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ
Фелипе Луис
Фабиньо
Ньголо Канте
Ёқимсиз тақвим таъсири
Биласиз, ОЧЛ ўтган йилдан эътиборан янгича, куз-баҳор тақвимига ўтган. Бу ўзгариш илк бор “Насаф” мисолида ўзбек клублари учун жуда ноқулай эканлиги ўз тасдиғини топган эди. Куни кеча яна, айнан, “Насаф” иштирокидаги ўйин бизни яна шу жиҳатга тўхталишга мажбур қилмоқда. Ўзбекистонда маҳаллий чемпионат ўйинлар баҳор-куз тақвимида ўтказилади. Ўз-ўзидан бизнинг жамоалар ОЧЛ плей-офф, яъни, энг ҳал қилувчи босқичга келганда ўйин амалиётисиз вазиятда бўлади. Қолган жамоалар эса айни формада бу босқичга етиб келади. Кўп эҳтимол, бугунги ўйинда ҳам мана шу фактор жуда катта роль ўйнаши мумкин.
Имкониятлар — ( “Навбаҳор” ғалабаси, дурранг, “Ал Иттиҳод” ғалабаси) 50%-25%-25%.
Маълумот учун, Самвел Бабаян шогирдлари "Ал Иттиҳод"га қарши дастлабки ўйинни 19:00 да Намнгандаги “Марказий” стадионида ўтказади. Ўйин худди шу вақтдан эътиборан “Спорт” телеканалида жонли трансляция қилинади.



