Ўзбек футболида яна йўқотишлар
Мамлакатимиздаги бир қатор футбол клублар бизга маълум ва номаълум сабабларга кўра республика ҳудудидаги иккинчи даражали лигада иштирок эта олишмайдиган бўлди.
2 daqiqa o‘qiladi

8 февраль куни Ассоциация ҳамда Лига раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Про лиганинг 2024 йилги мавсумида иштирок этувчи клублар масаласи кўриб чиқилиб, жамоаларнинг 2023 йилги мавсумдаги иштироки тўлиқ таҳлил қилинган.
Йўқотишлар
Жорий мавсумда Турон, Навбаҳор-фарм, Юниред, Ғиждувон жамоалари лицензиялаш талабларини бажара олмаган. Спорт принципларига кўра Биринчиликни пешқадам сифатида якунлаган Янгиер эса худди аввалги мавсумда бўлгани каби камчиликларга йўл қўйган ва қаторасига иккинчи йил ҳам Про лига иштирокчилари сафига қўшила олмайдиган бўлди.
Лига формати яна ўзгарди
Шундан сўнг, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Про лига янги мавсумида ўтган йилгидек 11 клуб эмас, 8 жамоа иштирок этишини маълум қилди. Турнир формати ҳам яна ўзгарадиган бўлди. «Бир неча дақиқа аввал фаолиятини Про лигада давом эттира олмайдиган жамоалар номига ойдинлик киритилди. Шу тариқа лицензиялаш талабини бажариши мумкин бўлган Про лига клублари 6 тани ташкил этиши маълум бўлди: Бухоро, Қўқон-1912, Машъал, Шўртан, Хоразм ва Арал», - дея ёзилади ПФЛ хабарида.
Янги иштирокчилар
Ассоциация ва Лига ўзаро келишган ҳолда мазкур 6 жамоа қаторига яна икки жамоани шартли равишда киритган. Булар: Олимпик Мобиуз ҳамда Дўстлик Тошкент. 2028 йил Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган Олимпик фарм бундан буён Мобиуз ҳомийлиги ҳамда Ассоциация кафолати остида фаолият олиб боради. Дўстлик Тошкент эса сўнгги икки мавсумни Биринчи лигада ўтказган бўлиб, бир йил аввал Биринчи лига клублари орасидан биринчилардан бўлиб ОФК лицензиялаш жараёнида иштирок этганди.
Шундай қилиб, «Турон» ва «Юниред» молиявий сабаблар туфайли, «Ғиждувон», «Навбаҳор-Фарм» ва «Янгиер қурувчи» клублари эса лицензия талабларини бажармагани учун Про лигада иштирок эта олмаслиги маълум ва бу жамоа мухлислари, афсуски, яқин икки-уч йилликда катта футболдан йироқ бўлишади.



