$
 12676.11
-18.86
 14975.56
97.06
 161.56
-0.04
weather
+26
Кечаси   +14°
powerads

Ўзбек футболида энг яхшилар аниқланмоқда. 2023 йил сарҳисоби

Football Dream team Фото: UzPFL

Ўзбекистон футбол ассотсацияси ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ҳар йил якунида анъанавий равишда йилнинг энг яхшиларини аниқлаб келади. Ташкилотлар ушбу йил учун ҳам энг яхши ва энг зўр номзодларни эълон қилиб улгурди. Маълумот учун, ЎзПФЛ фақатгина маҳаллий лигага кўра “Энг зўр”ларни аниқласа, ЎФА футболчиларнинг бутун мавсум давомида барча мусобақалардаги фаолиятини инобатга олган ҳолда энг яхшиларни аниқлайди.

UZ24.uz сайти ўз ўқувчилари учун икки ташкилотнинг келтирган номзодлари ҳақида таҳлилий мақола тайёрлашни маъқул топди. Икки ташкилот келтирган номзодларга берадиган таҳлилимиз бироз чўзилиб кетиши сабаб, дастлабки мақолада фақатгина ЎзПФЛ танловидагилар ҳақида мушоҳада юритамиз. Хўш, номзодлар қайси каромати ва хусусиятлари учун бу номга лойиқ кўриляпти?

Йилнинг энг яхши футболчиси  

ЎзПФЛ лиганинг энг зўр футболчиси бўлиш учун қуйидаги номзодларни келтирмоқда: 

Остон Ўрунов — “Навбаҳор” сафида суперлига ўйинларида 25 ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол ва 1 та ассист қайд этди. Остон  Ўзбекистон Кубоги доирасида 5 та баҳсда майдонга тушди ва 2 голга муаллифлик қилди. Унинг жамоаси ярим финал босқичида ОКМКга қарши кечган учрашувда пеналтилар сериясида мағлуб бўлиб, юришини тўхтатди. Эътиболиси, Ўрунов пеналтилар сериясида ўз жамоасидан биринчи бўлиб тўп олдига келади ва гол ура олмайди. 

Футболчи клуби билан биргаликда халқаро майдонда жуда юқори натижа қайд этди. Остон ОЧЛда 5 ўйинда майдонда бўлиб, ўз ҳисобига 3 гол ҳамда 2 ассистни ёздириб қўйди. Бундан ташқари у миллий жамоа билан йил давомида 12 ўйинда майдонда ҳаракатланиб 3 гол уриб, 1 ассист қайд этди. Умумий қилиб олганда, Остон Ўрунов мавсум давомида 47 ўйинда майдонга тушиб, 17 та рақиб дарвозабонини ранжитиб, 4 бора ўз шериги қувончига сабабчи бўлган. Маълумот учун, футболчининг трансфер нархи — 1 млн. евро

Рубин Ҳебай — “Андижон”да лигада 24 ўйинда майдонда ҳаракатланиб 12 гол ҳамда 3 ассист муаллифи бўлди. Шунингдек, у кубок ўйинларида 3 та баҳсда иштирок этган. Футболчи ушбу ўйинларда ҳам сермаҳсуллик кўрсатиб, 2 та ассистни амалга оширган. Ҳебайнинг қадри шундаки, у нисбатан ожизроқ бўлган ижрочилар атрофида бўлишига қарамай, рақиб танламаган ҳолда ўз ишини максимал даражада бажара олди. Унга бундай имкониятни яратиб берган Ҳамяковни ҳам эсдан чиқариб юбормаслик керак, албатта. 

Драган Черан — “Пахтакор” таркибида лига ўйинларининг 22 тасида ҳаракатланиб, ўз ҳисобига 13 гол ва 3 ассистни ёздирди ҳамда кубок ўйинларида 2 маротаба майдонда бўлишига қарамай 3 та гол урди. Халқаро майдондаги сермаҳсуллик ҳам ёмон эмас — 4 ўйинда 1 гол ва 3 ассист. У умумий қилиб олганда ажойиб натижа қайд этганига қарамай, ЎзПФЛнинг маросими учун фақат лигадаги натижалар ҳисобга олинишини инобатга олсак, Черан учун ачинади киши.(

Забиҳилло Ўринбоев — “Металлург” жамоаси сардоригина бўлиб қолмай, клубнинг асосий моторларидан ҳам бирига айланди. Футболчи жамоадошларининг фақатгина руҳий ҳолатига таъсир этибгина қолмай, майдондаги жисмоний курашда, амалда ҳам ўз номига яраша сардорлик қилмоқда. 

Ислом Кенжабоев — бир вақтлар ўзи порлаган ҳудудни Ойбек Бозоровга мерос қилиб қолдириб кетган Кенжабоев яна “Насаф”га қайтиш арафасида. Футболчи бир неча йиллик пассив фаолиятдан сўнг яна жонланди. Кенжабоев навоийликларнинг росмана қутқарувчисига айланди. Лигада 24 ўйин, 8 гол ва 2 ассист. “Қизилқум” иккинчи даврага келибгина жонланган бўлса, Ислом бутун мавсум давомида жамоасини “тортиш”га интилди.

Йил мураббийи бўлишга номзодлар 

Рўзиқул Бердиев — жамоа рамзига айланиб кетган мураббий бу мавсумда ҳам асосий мақсад, чемпионликни қўлдан бой берди. Клуб мавсум давомида турлича схемаларда ўйин намойиш этди. Жамоа Бердиевнинг қўлида 26 ўйинда 13 ғалаба, 9 дуранг ҳамда 4 ўйинда мағлубиятга учради. Голлар нисбати — 31:16. Жамғарилган очко — 48. 

Максим Шаских — “Пахтакор”ни ўтган мавсум ярмида қабул қилиб олган собиқ миллий терма жамоамиз аъзоси ушбу йилда ҳам миссияни деярли бажара олди. Аммо клубда мураббийнинг ўрнидан кўра кўпроқ баъзи футболчиларнинг ўйинга бўлган таъсири юқорироқдек туюлди. Шацкихдан олинган энг асосий таассурот Диёр Холматовга берилган ишонч ва унинг қайта кашф этилиши билан боғлиқ, десак, менимча, янглишмаган бўламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бу “Пахтакор” биз азалдан кўриб келаётган “шерлар” ичида энг нараси “мулойим”роғи эди. Жамоа ҳимоя чизиғи ва дарвозаси аввалгиларидан нечи баробар кучсизланганини аниқ айтиб бера олмайман-у, аниғи ёмонроқ эди. Шундай бўлишга қарамай, клуб яна чемпион бўлди. Жамоа Шацких қўл остида 26 ўйинда 16 ғалаба, 5 дуранг ва 5 мағлубият қайд этди. Голлар нисбати — 41:25. Жамғарилган очко — 53.

Самвел Бабаян — “Навбаҳор” мавсум бошида амалга оширган трансферлари сабаб, кўпчиликнинг наздида эҳтимолий чемпионга айланиб бўлганди, аммо жамоа мураббийи етарлича ротация ишларини амалга ошира олмади. Кўплаб юқори савияли ўйинчилар захира ўриндиғида умрини сарфлади. Ваҳоланки, уларнинг барчаси ҳар қандай клуб учун керакли ўйинчи бўла оларди. Клубда мураббийнинг бирор чизмаси ёки услуби ҳам, деярли, кўзга ташланмади. Кўплаб ўйинларда Остон ва Жамшид қутқарувчи вазифасини ўтади. Шундай камчиликларга йўл қўйилган бўлса-да, Бабаян жамоаси лигада 3-ўринни қўлга киритиб, 26 ўйинда 14 ғалаба, 5 дуранг ва 7 та мағлубиятга учради. Голлар нисбати — 44:19. Жамғарилган очко — 47.

Виталий Левченко — Биринчи даврада Суперлигада фурор кўтарган фарғоналиклар ва уларнинг устози кўпчиликнинг ишончига кира олди. Кўп эҳтимол, ўз чизги ва усулини аниқроқ намойиш эта олган мураббий ҳам , айнан, Левченка эди. Ким билади, жамоани мавсум оралиғидаги футболчилар тарк этмай, кейинчалик қўшилган футболчилар билан бирлаштирилса, бўлажак чемпион жамоа йиғилармиди? Нима бўлган тақдирда ҳам Левченка, шубҳасиз, лигадаги энг яхшилардан бири. 

“Нефтчи” лигада 5-ўринни қўлга киритиб, 26 ўйинда 11 ғалаба, 12 дуранг ва 3 та мағлубиятга учради. Голлар нисбати — 33:18. Жамғарилган очко — 45.

Миржалол Қосимов — Жорий йилда ОКМК ҳар галгидан фарқли нисбатан анчайин ёмон иштирокчи сифатида ёдда қолди. Ҳар қайси мусобақада. Кубок бундан мустасно. ОКМКда бу йилги мавсум, асосан, ҳимоячи ва дарвозабонларнинг “қовун”лари билан эсланса, ажаб эмас. Бир ўйинда Раҳмонов, бирида Аҳмадалиев, яна бирида дарвозабоннинг омади келмайди. Бу орада мавсум пойонига етади. Олмалиқликлар 26 ўйинда 13 ғалаба, 7 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди. Голлар нисбати — 43:34. Жамғарилган очко — 46.

Йил рамзий жамоаси

Мақоламиз тайёрланаётган вақтда ЎзПФЛ йил рамзий терма жамоасини эълон қилди. Демак рамзий жамоа қуйидагича: Артём Потапов (Сурхон) Ҳожиакбар Алижонов (Пахтакор) 

Алибек Давронов (Насаф) Шерзод Насруллаев 

Одил Ҳамробеков (Пахтакор) Жамшид Искандеров (Навбаҳор) 

Остон Ўрунов (Навбаҳор) Драган Черан (Пахтакор) 

Умар Адҳамзода (Нефтчи) Силванус Нимели (Сурхон) Рубин Ҳебай (Андижон) 

Бош мураббий: Александр Хомяков (Андижон).