$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда "футбол тамом!"

Futbol superliga

Ўзбекистонда футбол мавсуми ўз якунига етди. Кун кеча Суперлиганинг сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтди. Амалдаги чемпион, "Пахтакор" 16-чемпионлигини чемпионат якунидан бир тур аввал олдин қўлга киритди. Турнир жадвалининг юқори тўртлигида ўтган йилгидан фарқли равишда, Наманган ва Қарши жамоалари ўзаро жой алмашинишган. Яъни, мавсумни "Насаф" иккинчи, "Навбаҳор" учинчи поғонада якунлади. Олмалиқликлар яна тўртинчи бўлди. Ушбу йилдаги 3-4- ўринлар, афсуски, жамоаларга халқаро мусобақалар учун аталган йўлланмаларни ваъда қилмайди.

"Пахтакор" ва "Насаф"

Ўтган мавсум ярмида "Пахтакор"ни қабул қилиб олган Максим Шацких кўп эҳтимол мавсумни ўзи хоҳлагандек таркибда бошлай олмади. Ҳар ҳолда клубнинг молиявий аҳволи бизга қоронғи. Етмаганига, ёзги трансфер ойнасида жамоани "тортиб" юрган Аббосбек Файзуллаев ҳам клубни тарк этди. Шу каби кўплаб минуслар бўлишига қарамай, "шерлар" яна мамлакат чемпиони бўлишни уддасидан чиқди. Мавсум давомида Шацких томонидан Диёр Холматов қайта кашф этилди. "Насаф" ҳар доимгидек ҳаммаси ўз қўлида бўлишига қарамай, чемпионликни қўлдан бой берди. "Кераксиз ўйинлар"даги дурранг ва мағлубиятлар охирги турларда жамоага "юк" бўлди. Жамоа таркибидаги Зафармурод Абдураҳматов бутун бошли мавсумнинг "кашфиёти" бўлса, ажаб эмас.

ОКМК ва "Навбаҳор"

ОКМК юлдузли ҳамда тажрибали футболчилардан ташкил топган таркибга эга бўлишига қарамай, яна чемпионлик учун кураша олмади. Клубнинг ҳимоя чизиғидаги ўйинчилар навбатма-навбат қатор ўйинларда жиддий хатоликларга йўл қўйишдан сира чарчашмади. Олмалиқликлар таркибида энг мазмунли ўйин кўрсатган футболчи, шубҳасиз, Хуршид Ғиёсов бўлди. Наманган жамоаси мавсум стартини жуда кучли таркиб билан бошлади. Ҳар бир чизиқ, айниқса, олдинги чизиқлар учун захирада ҳам бемалол ўрин билинмас даражадаги футболчилар мавжуд эди. Аммо Самвел Бабаян кўп ҳам ротацияга қўл урмади. Умуман, жамоа таркиби фантастик даражада бўлгани билан айтарли ўйин намойиш эта олмади. Айни дамдаги натижанинг асосий сабабчилари Остон Урунов ва Жамшид Искандеров тандеми бўлди. Айнан улар кўплаб учрашувларда наманганликларни "олиб чиқиб" кетишди. Шундай қилиб, "Навбаҳор" мухлисларининг чемпионлик орзуси яна кечикадиган бўлди.

"Нефтчи" ва "Бунёдкор"

Чемпионатининг олтинчи турига қадар кутилмаган тарзда фурор кўтарган ҳамда юқори ўринларда стабил борган "Нефтчи" ва "Бунёдкор" якунда "ўз ўрни"га тушиб қолди. "Қалдирғочлар" мавсумни ўзига хос ва кутилмаган камбеклар билан якунлашди. Фақатгина "Бунёдкор" 6 та ўйинда асосий ўйиндан ташқари бўлган қўшимча дақиқаларда ғалабали ва дурранга олиб келувчи камбек амалга ошира олди. Тошкентликларнинг бурилиш нуқтаси юқорида таъкидлаганимиздек 6-тур ва "Насаф" билан бўлган учрашув бўлди. Шу ўйиндан сўнг жамоа натижаларида кескин пасайиш кузатилди. "Қалдирғочлар" яна ўзини тиклаб олган 16-турга қадар 9 та ўйин ўтказиб, 3 тасида дурранг ва 6 тасида мағлубиятга учради. Фарғоналиклар ҳам, умумий, олиб қараганда мавсумни қолган жамоаларга нисбатан яхшироқ тугатди. Клуб ёзги трансфер ойнасида кўплаб юқори салоҳиятли футболчиларини йўқотгач, уларнинг ўрнини етарли тўлдира олмади. Шунга қарамай, Виталий Левченко фактори охирги турларга қадар жамоанинг совринли ўринлар учун курашишига сабаб бўлди. Фарғоналиклар чемпионат ғолиби "Пахтакор"ни икки ўйинда ҳам таслим этди.

Рақамлар гапирганда

Суперлиганинг амалдаги тўпурари Драген Черан бу сафар лиганинг антирекордини ўрнатган ҳолда, яна тўпурар бўлди - 13 та гол. Энг яхши ассистент ҳам "шерлар" сафидан. Фарруҳ Сайфиев 8 та голга узатма амалга оширди. Гол+ассист тизими бўйича ҳисоблаганда энг яхши натижа Хуршид Ғиёсовда. Ғиёсов мавсум давомида 9 бора рақиб дарвозасини ишғол қилиш билан биргаликда, 5 марта ассист қайд этган. Мавсумдаги рақиб жамоани энг кўп ранжитган клуб — "Навбаҳор". (44 та гол) Ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган энг яхши клуб эса — "Насаф". (16 та гол) Шундай қилиб, Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. "Турон" ва "Бухоро" кейинги мавсумни Про лигада бошлайди. Навоийнинг "Қизилқум" жамоаси эса 5 декабрь куни Қўқондаги "Марказий" стадионида маҳаллий "Қўқон 1912" жамоаси билан бўладиган учрашувда лигада қолиш-қолмаслик масаласини ҳал қилади.