$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Риск қилмасанг, ризқинг келмайди” ёхуд Ўзбекистон бош мураббийи Суриядан чўчиган(ми?)

Сречко Srechko

Кеча Осиё Кубогининг 1-тури ўз якунига етди. Бугун навбатдаги, баъзи жамоалар учун ҳал қилувчи бўлган турга старт берилган. Ўзбекистон терма жамоаси эртага Ҳиндистон терма жамоасига қарши майдонда саф тортади. Ўйиндан олдин анъанавий равишда икки терма жамоа вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу мақола 1-тур якунлари ва матбуот анжуманида янграган фикрлар ҳақида ҳикоя қилади. 

Матбуот анжумани 

Дастлаб, терма жамоамиз вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманига эътибор қаратсак. Бу галги анжуманга одатдагидек Сречко Катанец ва илк турда жамоани майдонга етаклаб чиққан Машарипов эмас, Отабек Шукуров ташриф буюрди. Улар журналистлар томонидан йўлланган саволларга жавоб беришди.

Катанец риск қилишдан қўрқдими? 

Терма жамоамиз бош мураббийи эртанги баҳс жуда мураккаб бўлишини ва жамоа бунга тайёр эканлигини билдирди. Ҳиндистонга қарши учрашув умуман бошқача руҳда ўтиши ваъда қилинди. Катанец рақиб яхши шакллангани ва агрессив жамоа эканлигини билдириб, шундай бўлса-да, ўзининг футболчилари эртага энг яхши ўйинларини кўрсата олишига ишонишини билдирди. Шу қаторда, рақиб жамоанинг мухлисларининг ташрифи ва бунинг ҳам ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари борлиги, Ўзбекистонда эса ҳеч қандай босим йўқ эканлиги айтилди. Мураббий томонидан Ҳожиакбар Алижонов жароҳати сабабли мусобақадаги фаолиятини тўхтатгани маълум қилинди. Журналистнинг Эронга қарши ўйинда 2:1 ҳисобида ютқазилаётган вақтда, беш нафар ҳимоячидан тўрт нафар ҳимоячига ўтилгани ва якунда гол киритиб, ўйинни қутқариб қолингани, Сурияга қарши ўйинда ҳам унда шундай имконият бор бўлгани, лекин Сурияга қарши ўйинда бундай таваккал қилинмагани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди. “Эронга қарши учрашувдаги муваффақиятимиз футболчиларнинг ўйинга муносабати билан боғлиқ эди. Ҳатто 10 нафар ҳимоячи майдонда ҳаракат қилган тақдирда ҳам, агар уларда хоҳиш бўлмаса, бундан наф йўқ. Сурия билан ўйинга келсак, рақиб мураббийси икки нафар ҳужумкор ўйинчини майдонга туширди, шу сабаб ҳам ўзгаришга қўл урмадим. Ушбу баҳс ортда қолди, ҳозир гапиргандан фойда йўқ.”, — деди мураббий. 

Футболчилар эртанги баҳсга тайёр — Отабек Шукуров 

Катанец билан биргаликда терма жамоамизнинг яна бир асосий футболчиси Отабек Шукуров ҳам журналистлар саволларига жавоб берди. Шукуров биринчи баҳсни эсга олиб, жамоа ғалаба учун майдонга чиққани, аммо дастлабки учрашув босими футболчиларга таъсир ўтказганини таъкидлади. Отабек бўлажак рақибни ўрганишда давом этилаётгани, Ҳиндистон жуда кучли жамоа эканлиги, рақиблар биринчи учрашувда дарвозабон хатосигача жуда тартибли ўйин кўрсатганини эътироф этди. Шунингдек, у “футболчи сифатида айтишим мумкинки, терма жамоа либосидаги ҳар бир учрашув жуда муҳим. Мухлисларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз, барча футболчилар эртанги баҳсга тайёр”, — дея ўз сўзларига якун ясади. 

Қизиқарли рақамлар 

Биринчи турда жами 12 та ўйин ўтказилиб, ўйинларда дарвозаларга жами 39 та гол киритилди. Бу ўртача ҳар бир ўйинга 3 тадан гол киритилганини англатади. Биринчи турда 16 та жамоа рақиб дарвозасини ишғол эта олди. Илк тур давомида футболчиларга жами 37 та сариқ карточка кўрсатилган бўлиб, бу натижа ўртача ҳар бир ўйинга 3 тадан огоҳлантириш берилганини билдиради. Фаластин терма жамоаси биринчи турда энг кўп сариқ карточка билан огоҳлантирилган жамоа бўлиб, улар 6 маротаба огоҳлантирилди. Қизиғи, Осиё Кубогининг биринчи турида ҳеч қайси футболчига қизил карточка кўрсатилмаган. Бундай натижа сўнгги 3 та Осиё кубоги мусобақаларида умуман юз бермаган.

Тур статистикаси

— Энг кўп тўпни назоратига эга жамоа — Австралия (71%) 

— Энг кўп ҳужум қилган жамоа — Япония (181 та) 

— Энг кўп хавфли ҳужумлар уюштирган жамоа - Саудия Арабистони (93 та) 

— Энг кўп зарба йўллаган жамоа - Австралия (28 та) 

— Энг кўп аниқ зарба йўллаган жамоа - Иордания (8 та) 

— Энг кўп пасс берган жамоа - Япония (741 та) — Узатмаларнинг аниқлиги бўйича энг юқори кўрсаткичга эга жамоа - Австралия (89 фоиз) — Ўйинни энг қиммат таркиб билан бошлаган жамоа - Жанубий Корея (148 миллион 250 минг евро)

Тур рамзий жамоаси

AFC'нинг расмий саҳифасида Осиё кубоги 1-турининг рамзий жамоаси эълон қилинди. У қуйидагича кўриниш олди:


Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага, 18 январь куни Осиё кубогининг 2-турини Ҳиндистон терма жамоасига қарши ўтказади. Ўйин Тошкентвақти биланг 19:30 да, “Аҳмад бин Али” стадионида старт олади.

Теги :
Jamiyat