$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Футболда 2023 йилнинг энг яхшилари номи маълум: Ўзбекистон вакиллари кимларга овоз берди?

ф 1 16

Бугун оқшомда йил якунларига кўра анъанавий тарзда ўтказилиб келинувчи ФИФАнинг The Best маросими ўтказилди. Унда айрим мутахассислар томонидан кутилмаган ва кўплаб мухлислар томонидан кутилганидек, Лионелъ Месси йилнинг энг яхи футболчиси деб топилди. Биз сизга маросим билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни илинишни мақбул кўрдик.

Қизиқарли якун

Маълум бўлишича, сўровнома якунида Лионель Месси ва Эрлинг Холанд бир хил балл тўплашган — 48. Мбаппе эса 35 балл билан учинчи бўлган. Ўз-ўзидан сизда очколар қандай ҳисобланган, деган савол туғилиши мумкин. 

Очколар қандай ҳисобланади?

Демак, сўровнома 4 тоифа инсонлари ўртасида ўтказилиб, булар: FIFA'га аъзо мамлакатларнинг терма жамоалар сардорлари, бош мураббийлари, мамлакат футбол ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари ( ёки аъзоси) ва мухлислар.

Мухлислар интернет орқали бир номзодга овоз берди. Мухлислардан бўлак тоифа вакиллари ҳар бир номинацияга 3 нафардан номзод кўрсатишади. FIFA эса 1-ўринда кўрсатилганларга — 5 балл, иккинчи ўриндагига — 3 балл ва 3-ўриндаги номзодга — 1 балл беради. Шундан сўнг, ҳар бир соҳа вакиллари берган овозлар алоҳида ҳисобланиб, якуний ўринлар асосида номзодларга яна бошқатдан балл бериб чиқилади.

Масалан, сардорлари овозлари натижасида шаклланган рўйхатдагиларга қуйидагича балл берилади:

  • 1-ўринга — 13 балл
  • 2-ўринга — 11 балл
  • 3-ўринга — 9 балл

Худди шу тартибда мураббийлар, матбуот соҳаси вакиллари ва мухлисларнинг овозлари умумлаштирилади ҳамда алоҳида балл берилади. 

Якуний натижалардаги “ажойибот”

Якуний натижаларга кўра, вазият қуйидагича кўриниш олган: (Овоз берувчилар натижалари кетма-кетликда — сардорлар + мураббийлар + ОАВ + мухлислар = жами)

  • 1. Лионель Месси — 13 + 11 + 11 + 13 = 48 очко
  • 2. Эрлинг Ҳоланд — 11 + 13 + 13 + 11 = 48 очко
  • 3. Килиан Мбаппе — 9 + 9 + 9 + 8 = 35 очко

Шу тариқа, Месси ва Ҳоланднинг очколари тенг бўлиб, танлов регламентига кўра, бундай ҳолатда ғолибни аниқлаш мақсадида футболчилар (терма жамоалар сардорлари) овозлари қайта кўриб чиқилади. Бунда 1-ўринда энг кўп қайд этилган футболчи ғолибликни қўлга киритади. Натижада Месси 107 нафар, Ҳоланд эса 64 нафар овоз берувчида биринчи ўринда кўрсатилган. Лео шу тариқа, яна йилнинг энг яхшисига айланган.

Ўзбекистон томони танлови

Энди сизда яна бир савол туғилади, бизникилар кимни биринчиликка лойиқ кўрди? Юқорида ушбу соврин овоз бериш йўли билан аниқланиши ва овозни ФИФАга аъзо мамлакатлар бош мураббийлари, жамоа сардори ва матбуот котиби беришини айтиб ўтгандик. Мукофот учун сўровда бизнинг вакилларимиз сифатида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийси Сречко Катанец, жамоа сардори Элдор Шомуродов ва матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев иштирок этди. Улар футболчиларни қуйидаги кўринишда жойлаштирган: 

Сречко Катанец: 

1. Лионель Месси

2. Эрлинг Холанд

3. Килиан Мбаппе

Элдор Шомуродов: 

1. Лионель Месси

2. Килиан Мбаппе

3. Эрлинг Ҳоланд

Даврон Файзиев: 

1. Эрлинг Ҳоланд

2. Лионель Месси

3. Килиан Мбаппе

Мухлислар танлови

Маълумот учун мухлисларнинг овозларидан сўнг кучли учлик қуйидаги кўринишда бўлган:

  1. Месси — 613 293
  2. Холанд — 365 893
  3. Мбаппе — 201 866

Мутахассислар муносабати

— Ҳа, у Тhe best, аммо нега 2023 йилнинг энг яхшиси бўлганига бошим қотиб қолди. «Олтин тўп» совринини тушунса бўлади, чунки у ерда 2022/23 мавсуми назарда тутилгани айтилган, жаҳон чемпионати ғолибида имконият энг кўп бўлишини аввал ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ёки The Best ҳам шундай ўлчовдамиди? Унда нега энг яхши дарвозабон совринида жаҳон чемпиони Мартинес йўқда, ЕЧЛ ва ЕЛ ғолиблари Эдерсон ва Буну беллашишди? Нега рамзий жамоада бирорта ҳам бошқа аргентиналик футболчи йўқ унда? Тўғри, ФИФА совринни миллий жамоалар мураббийлари, сардорлари ва журналистларнинг овозларини тўплаб, санаб, топширади. Барибир қизиқ, Мессига нега овоз беришди? 


Қаҳрамон Асланов — спорт журналисти 


Очиғини айтаман, ҳаётимда кўрган футболчиларим ичида Марадона ва Мессидек талантлисини кўрмаганман. Кўрмасам ҳам керак. Аммо бу нарса ҳақиқатга кўз юмишимга сабаб бўлолмайди. FIFA қўпол хатога йўл қўйди. Йўқ, совринни у ўзидан ўзи бермайди, сўров асосида ким кўп балл тўпласа, шунга беради. Унинг хатоси “Франс футбол” каби тадбир муддатини танлашда. Энди “Олтин тўп” машмашалари бошланган бир пайтда буниси ортиқча. Мессидек даҳо учун, айниқса. Ишончим комилки, шунинг учун у келмаган. Ҳеч кимни жўнатмаган. Ҳаммасини у биздан ҳам яхши билиб турибди. 


Хайрулла Ҳамидов — спорт журналисти


Мессини табриклайман биринчи навбатда! У ўзига овоз бермаган, унга овоз беришган. Албатта 2023 йилда спорт принциплари бўйича Ҳоланд муносиброқ эди. Нега натижа ундай бўлмади? Гап муддатда. Овоз бериш 14 сентябрда бошланган, ва у пайт ЖЧ эффекти сақланиб турганди. FIFA огоҳлантиргани билан, мантиқан кўпчилик ўтган сентябрдан бунисигача масофани тасаввур қилди. Месси эса ўша пайт Майамида ҳам актив голлар уриб турди. Қолаверса Олтин тўпни ҳам Месси олиши деярли аён эди. Соврин орадан 4 ой ўтиб январь ўртасида топшириляпти. Шуларнинг таъсири бўлди. Мен биринчи ўринга Ҳоландни ёзгандим. Лекин юқоридаги эффект сабаб Леони ҳам учликка киритгандим. Январда овоз берганимда учлигимда бўлмасди. 


Даврон Файзиев — спорт журналисти

Теги :
Jamiyat