$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

“Келди-кетди”лар шоуси давом этади. Ўзбек “футбол бозори”да нима гаплар? 2-қисм

f 1 10

Осиё Кубоги стартига икки кун қолди. Куни кеча Терма жамоамиз билан боғлиқ мавзулардан бироз узилган ҳолда, яна клубларимиз ҳаётига кўчишни лозим топиб, сайтимизга қишки трансферлар билан боғлиқ мақола жойлаб, бир ойдан сўнг клубларимиз халқаро мусобақага, икки ойдан сўнг эса маҳаллий чемпионатга қайтишини эслатган эдик. Мақоламизнинг кечаги сонида пойтахт ва Тошкент вилояти клубларидаги “келди-кетдилар” ҳақида маълумотларга эга бўлган эдингиз. Бугун вилоят клубларидаги қишки трансфер ойинаси ўзгаришлари ҳақида ҳикоя қиламиз. 

“Насаф”

Ҳикоямизнинг бошида кўпчилик мухлислар томонидан нисбатан юқорироқ бўлган қизиқиш билан кутиладиган Қаршининг "Насаф" клуби ҳақида сўз боради. Қаршиликлар ҳозирча расмий равишда жамоанинг узоқ йиллик сардори ва миллий жамоамиз ҳимоячиси Умар Эшмуродов ва клуб мухлислари қалбидан жой олган Лима Круз билан хайрлашишган. Шунингдек бу рўйхатда яна бир Жанубий Америкалик футболчи, Андрес Чавез ҳам бор. Легионерлар фаолиятига тўхталадиган бўлсак, Лима кўплаб ўйинларда ҳал қилувчи голлар муаллифи бўлган тақдирда ҳам эндиликда бугунги ва келажакдаги “Аждарлар”нинг милицияларига бироз мос эмаслиги охирги вақтларда аён бўлиб бораётган эди. Бу, айниқса, футболчи жароҳат олиб қайтгач, Азиз Амоновнинг унинг ўрнида ўзини тутгани ва кейинчалик ҳам сермаҳсуллик кўрсатиши фонида яна-да мукаммал акс этгандек. "Аждарлар" сафига Чавез келиб қўшилар экан, хаёлимга бир вақтлар Ўзбек футболини "портлатиб" юборган яна бир жанубий америкалик келади — Тиаго Безерра. Безерра трансфери ёзги трансфер ойнасида, 2017 йилнинг июлида амалга ошганди. Бразилиялик 2018 йилда жамики маҳаллий чемпионат совринларини қўлга киритганди. Ўшанда у 31 ёшда бўлган. Чавез айни дамда 33 ёшда. Икки йиллик тафовутни инобатга олмаса, иккиси ўртасида ўхшашликлар мавжуд эди. Аммо Чавез Безерра каби сермаҳсуллик кўрсата олмади. Умуман олиб қараганда, Андреас қитъадошининг натижасини ярмини такрорлаган тақдирда ҳам бу трансфер "Насаф" учун фойдали бўлган бўларди, аммо биз кутган ҳужумчи, афсуски, 2016 йилларда қолиб кетган экан. Клуб бугунги кунга қадар Ислом Кенжабоев, Темур Чогадзе, Игорь Голбан, Виктор да Силва ҳамда Зоран Марушич билан шартнома тузган. 

“Навбаҳор”

“Лочинлар” таркибини бир ойдан сўнг Осиё Чемпионлар Лигаси плей-оффидаги ўйин кутаётган бўлишига қарамай жамоанинг асосий футболчилари Остон Ўрунов, Темурхўжа Абдухолиқов, Шаҳбоз Жўрабеков, Лука Чермель, Жасур Яхшибоев, Игорь Голбан, Дониёр Абдуманнопов, Даврон Хошимов ҳамда Игнатий Нестеров тарк этди. Қизиқ, "Навбаҳор" ОЧЛ плей-оффида кимларга ишониб кейинги босқичга ўтмоқчи ёки жамоада бундай ният йўқми? Клубга ОКМК таркибидаги жанговар ва юқори интеллект соҳибларидан бири Сияваш Ҳақназарий ва Руслан Жиянов келиб қўшилган. Кўп эҳтимол, наманганликлар ҳар доимгидек ҳал қилувчи паллада бирданига ўйинчиларни таништириб бориши мумкин. 

“Сурхон”

Сурхондарё вилояти бош жамоаси Суперлигада минимумдан максимум ярата олаётгани билан ажралиб туради. Клуб Азиз Исаков, Артём Сокол ва Тамирлан Жамалутдинов билан хайрлашган. Уларнинг ўрнига Егорь Кримец, Нодирхон Неъматхонов, Улуғбек Ҳошимов, Сарвар Абдуҳамидов, Владимир Назаров ҳамда Дилшод Йўлдошев билан шартнома имзоланган. Жамоа секин-аста жиддийлашиб, аввалгидан-да мураккаб рақибга айланиши тобора аниқлашяпти.

“Қизилқум”

Суперлигада жон сақлаб қолишни уддалай олган навоийликлар Шерали Жўраев, Файзулла Қамбаров, Алишер Саноев, Артём Макосин, Марко Симоновский, Ислом Кенжабоев ва Ислом Тошпўлатов каби асосий футболчилари билан хайрлашиб, Жамолиддин Убайдуллаев ва Шаҳбоз Жўрабеков билан шартнома имзолаган. Бу кетишда жамоанинг аввалги ҳолати ўзгармайдигандек, гўё. 

“Сўғдиёна”

Жиззахликлар янги мураббий билан биргаликда ёшартирилган ҳолда Лиганинг кўплаб жамоаларига сюрприз бўла олди. Клуб бугунга қадар Жасур Ҳасанов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Марко Колакович, Алишер Салимов, Оллаберган Каримов, Абдуллоҳ Омоналиев, Зенан Займович, Тарик Исич ва Санжар Шоаҳмедовлар билан шартномани бузган. Шу ўринда, Бошкович таркибга Зоран Петрович, Алексей Носко, Сардор Қулматов, Ислом Қобилов, Олег Зотеев ҳамда Шоҳруҳ Абдураҳмоновни жалб қилган. 

“Андижон”

Ўтган мавсум сенсациясини амалга оширган Шуҳрат Абдураҳмонов йигитлари келаси мавсум учун ҳозирча бирор янгиликка қўл урмаган. Маълум бўлишича, клубдан Сардор Абдунабиев, Иброҳим Ғанихонов, Бобур Фарҳодов ва Аббос Эргашбоев кетган. Уларнинг ўрни ҳали ҳануз ҳеч бир футболчи билан тўлдирилмаган. Миш-мишларга кўра, ОКМК “Андижон” ҳужумчиси Рубин Хебайга қизиқиш билдирган. Хебайнинг андижонликлар билан яна бир йиллик шартномаси борлиги учун Олмалиқ жамоаси ҳужумчини сотиб олишига тўғри келади. “Андижон” ҳужумчиси учун ОКМКдан 200 минг доллар (тахминан 2,5 миллиард сўм) сўраган. Ўзбекистон Суперлигасининг энг яхши футболчиси ўтган мавсум Суперлигада 12 та гол уришга эришган. 

“Динамо”

Ўзбекистон Кубоги доирасида бир қатор гигантларни қийнаб, ҳатто, “Пахтакор”ни мусобақадан чиқариб юборган Вадим Абрамов шогирдлари келаси мавсумда Суперлигада иштирок этиши эсингизда бўлса керак. Клуб Мурод Тошматов, Мирғиёс Сулаймонов, Коике Юдаи, Эркин Байдуллаев, Абдужамол Исроилов ва Дэррик Менсаҳ каби футболчилар билан орани узган. Шундай экан, кетганларнинг ўрни Антон Толордава, Ҳумоюнмирзо Иминов, Эммануель Ягр, Дамир Темиров, Фарруҳ Икромов, Ҳислат Ҳалилов ҳамда Анвар Хожимирзаев каби ёш ва умидли футболчилар билан тўлдирилган. 

“Нефтчи”

Водийнинг яна бир жамоаси "Нефтчи" ҳозирча бозорда энг фаоллардан бири бўлиб турибди. Клуб бир қатор ўйинчилар билан хайрлашди. Булар қаторида Фозил Мусаев, Владимир Назаров, Суннатилла Абдуллажонов, Иззатилла Абдуллаев, Лутфулла Тўраев (фаолиятини якунлади), Умар Адҳамзода, Улуғбек Ҳошимов, Томислав Мрчела ва Нодирхон Неъматхоновлар мавжуд. Келгуси мавсум учун шартномага имзо чекканлар номлари ҳам анчайин жарангли: Шоҳруз Норхонов, Санжар Қодирқулов, Жалолиддин Жумабоев, Санжар Қувватов, Жасур Жалолиддинов, Беҳруз Облоқулов, Жавоҳир Қаҳрамонов ҳамда Манучехр Сафаров. Клуб эндиги мавсумда ўз олдига росмана юқори амбицяларни қўйган, шекилли. Ҳар ҳолда амалга ошган ўзгаришлар ҳозирча шундан далолат бериб турибди.

Теги :
Jamiyat