$
 12586.41
54.63
 14758.82
220.7
 160.42
0.6
weather
+26
Кечаси   +14°
powerads

Икки карра ишсизлик, кам маошли ишлар, паст олий маълумот фоизи — хотин-қизларининг ижтимоий ҳолати қандай?

xotin qizlar хотин қизлар Фото: Gazeta.uz

Жамиятда хотин-қизлар муаммолари тилга олинар экан, ишсизлик, уларнинг бирор касб-ҳунарга эга эмаслиги олд қаторга чиқади.

Кўпчилик ота-оналар қиз боланинг ўқиши шарт эмас қабилидаги фикри ёки аксарият эркакларнинг аёл ўрни уйда, деган қарашлари юқоридаги муаммоларнинг асосий сабабларидир.

Бироқ жамиятимизда ўз ўрнини топган, турли соҳада юқори натижаларга эришган аёллар ҳам йўқ эмас.

Хўш, бугун Ўзбекистонда аёлларнинг неча фоизи ўз ишига, даромадига эга? Аёлларга қулай меҳнат шароитларини яратиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? 

Хотин-қизларнинг 44 фоизи ўз ишига, даромадига эга

Мазкур савол юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Зарифа Искандарова қуйидагиларни маълум қилди: 

"Айни дамда мамлакатимизда хотин-қизларнинг 44 фоизи ўз ишига, даромадига эга бўлиб, ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш борасида ҳам бир қанча устувор вазифалар белгилаб олинган. 

90 мингдан ортиқ аёл касб-ҳунарга ўқитилди

Статистикага эътибор қаратсак, ҳудудлардаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан 2023 йилнинг 10 ойи давомида 90 минг 336 нафар ишсиз хотин-қиз касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди.

Уларнинг 29 минг 921 нафари ўзини ўзи банд қилиб, шундан 12 минг 585 нафари имтиёзли кредитлар билан таъминланди. 7 минг 188 нафар хотин-қиз ўз бизнесини бошлаш мақсадида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, уларнинг 4 минг 373 нафарига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди.

26 минг 838 нафар хотин-қиз доимий иш ўринларига жойлаштирилди. 

135 мингдан ортиқ аёлнинг бандлиги таъминланди

Ишлаш истаги бўлган 143 минг 487 нафар хотин-қизнинг 135 минг 342 нафари бандлиги таъминланишига кўмаклашилди.

Касб-ҳунарга ўқиш ва ўрганиш истаги бўлган 41 минг 508 нафар хотин-қизнинг 41 минг 165 нафари касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилди. 

Кўриб турганингиздек, келтирилган рақамлар, берилган жавоблар тайёр иш ўрни кўплиги, йилдан-йилга аёллар ўртасидаги ишсизлик, иқтисодий муаммолар камайиб бораётгандек тасаввур уйғотади.

Бироқ...

Жаҳонда – 6,1 %, Ўзбекистонда – 13,3%

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўзбек аёлларининг мартабага эришиш имкониятларини юзасидан қилинган таҳлилга кўра, 2021 йилда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни (таққослаш учун — дунё бўйича 6,1%) ташкил этди. Бу эркаклар ўртасидаги ишсизлик даражасидан икки баравар юқори.

44 фоиздан ортиғи 15−30 ёш

Ишсиз аёлларнинг асосий қисмини ўрта махсус (65,8 фоиз) ва ўрта (28,5 фоиз) маълумотга эга, шунингдек, қисман олий маълумотли хотин-қизлар (3,4%) ташкил этади.

Ишсиз аёлларнинг 44 фоиздан ортиғи 15−30 ёш оралиғида.

Иқтисодий фаоллик пастлигига сабаблар бор

Рақамлар ва таҳлиллар эса аёлларнинг фаоллигига таъсир кўрсатувчи қатор омиллар борлигини исботламоқда.  

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилида кўрсатилишича, Ўзбекистон хотин-қизларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги, аввало уларнинг уй-рўзғор ишлари ва бола парвариши билан тўлиқ банд эканлиги билан боғлиқ.

Турмуш ўртоғи ишламаса ҳам, уй юмушларини аёл бажариши керак!

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги анъаналарга кўра, уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш аёлнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

ХМТ тадқиқотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи оилада эркакнинг рўзғор тебратиши, аёлнинг эса уй юмушлари ва болалар билан шуғулланишини афзал кўради.

Мамлакат аҳолисининг 93 фоизи турмуш ўртоғи ишламаса ҳам, кўпчилик уй юмушларини аёл бажариши керак, деб ҳисоблайди. Бундай қарашларнинг барчаси жамиятда ҳам, меҳнат бозорида ҳам гендер тенгсизлиги мавжудлигидан далолат беради.

Ўзбек аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушларига сарфлайди

 Ўзбекистон аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди. Бу иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат ҳисобланади.

Эркаклар эса вақтининг 9% ини уй юмушларига сарфлайди. Уй ишлари билан боғлиқ катта масъулият ўзбек аёлларининг мансаб пиллапояларидан юқори кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст

Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст.

2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди.

Аёлларининг иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади

Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади.

Сабаби, ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ татилига чиқиш эҳтимоли юқори. Бу эса иш берувчилар орасида аёлларнинг потенсиал ходим сифатида жозибадорлигини пасайтиради.

Аёллар асосан иш ҳақи паст соҳаларда ишлайди

Шунингдек, ушбу таҳлилда аёллар кўпроқ барқарор иш ўринлари ва қулай шароитларни таклиф қиладиган давлат секторида ишлаши ёзилган.

Аёллар бандлигининг тармоқ тузилмаси шу билан характерланадики, улар асосан иш ҳақи паст ва иш вақти қисқароқ соҳаларда ишлайди. Булар таълим, соғлиқни сақлаш каби тармоқлар ва умуман, ижтимоий соҳа. Эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ўртасидаги тафовут сабаби ҳам айнан мана шу билан боғлиқ.

Эркакларга нисбатан 39 фоиз кам маош

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39 фоиз кам маош олади. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, бу, жамиятда ҳукм сураётган қарашлар ва Ўзбекистонда касбларнинг эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган касбларга ажратилиши билан боғлиқ.

Юқори маош тўланадиган соҳаларда асосан эркаклар ишлайди

Ўзбекистонда сўнгги 5 йил давомида аёллар бандлик борасидаги режаларини ўзгартирмаган. Айтиб ўтилганидек, ўзбек аёллари асосан ижтимоий соҳа тармоқларида фаолият юритади ва айнан мана шу соҳаларда энг паст иш ҳақи кузатилади.

Юқори маош тўланадиган соҳаларда асосан эркаклар (IT соҳаси ва молия сектори) ишлайди.

Олий маълумотли аёллар улуши 13,2%, эркаклар эса 20 %

Олий маълумотга эга бўлиш юқори маош тўланадиган ишларда меҳнат қилиш имконини беради.

Бироқ...

2019 йилда бакалавриат босқичини битирганларнинг 25 минг нафарини қизлар (38,3 фоиз) ташкил этган.

2020 йилда республиканинг 25 ва ундан катта ёшдаги аҳолиси орасида олий маълумотли аёллар улуши 13,2 фоизни, эркаклар улуши эса 20 фоизни ташкил этди.

2020/2021-ўқув йилида Ўзбекистондаги барча олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар жами 571,5 минг нафарни ташкил этган. Шундан, ОТМларда таълим олаётган талабаларнинг 311,5 минг нафарини ўғил болалар, 260 минг нафарини қиз болалар ташкил этмоқда.

Бинобарин, юқори маошли ишларга кўпроқ эркаклар жалб қилинади.