$
 12208.08
32.74
 14116.20
52.46
 155.00
0.71
weather
+26
Кечаси   +14°

Эътироз билдираётганлар ҳақида. Дастлабки хулосалар

этирозлар

Энергетика ислоҳоти анонсидан кейин ўзаро суҳбатларда, жонли мулоқотлар ва тармоқларда лойиҳа бўйича турли кўринишда савол ва эътироз билдираётганлар анча кўпайди. Бу жуда яхши. Демак, одамларимиз бўлажак ўзгаришларни ўзининг ҳаётида, танасида, кун тартибида қандай акс этиши ҳақида ўйлашмоқда, улар бефарқ эмас. Айни пайтда кузатувларимга асосланиб эътироз билдираётганларни ўзим учун уч тоифага бўлдим.


Биринчи тоифа - улар мутлақ кўпчиликни ташкил этади. Улар одатда қанча газ ва қанча электр ишлатишини, ойига қанча тўлов қилишини аниқ билишмайди, таклиф этилаётган ижтимоий нормага тушиш тушмаслигини ҳам ўзига тасаввур эта олишмайди. Лекин айюҳаннос солади. Суҳбатларда ва мулоқотларда уларнинг ижтимоий қиёфасини ўзимга тасаввур қилдим. Улар 20-35 ёшли йигитлар, ўрта даромадли, лекин асосан норасмий ёки кўчадан. Электр ва газ билан боғлиқ тўловларни турмуш ўртоқлари ёки ота-оналари амалга оширади. Мазкур тоифага ўзгаришлар тўғри ва батафсил тушунтирилса, ислоҳотлар уларнинг ҳаёт тарзига деярли таъсир ўтказмаслигини қабул қилишади. Тушунтириш ва тарғибот шу тоифа билан кўпроқ машғул бўлиши керак.


Иккинчи тоифа ростанам ойига минглаб куб газ ва минглаб киловатт электр ишлатадиган бой аҳоли вакиллари. Улар тарифлар жуда арзонлиги туфайли ҳар доим газ ва электрни тежамай ишлатган. Янги тарифлар уларнинг электр ва газ бўйича харажатларини 2-3 баробарга кўпайтиради. Айни шу тоифа энг баланд овозда норозилик билдирмоқда. Айниқса ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВлар орқали.


Учинчи тоифа бу свет ва газ йўқлигидан ҳар доим жабр кўриб келган, арзон электр ва арзон газдан ҳеч қачон баҳраманд бўлмаган, айниқса қишнинг қировли кунларида 3-6 соатлик электр ўчишларига рўпара қилинган қатлам. Айнан мана шу қатламнинг эътирозлари ва таклифлари билан кўпроқ ишлаш керак, деб ҳисоблайман. Чунки якунда ислоҳотлардан шулар кўпроқ ютиши керак. Шунда ислоҳотларнинг инклюзивлиги янада ортади. Масалан, битта ҳовлида 3-4 оила, 20-25 та одам яшайди, қишлоқ туманларда шундай оилалар етарли. Улар учун ягона 250 киловатт электр ёки 200/700 куб газ ижтимоий нормаси берилиши адолат посангисини унча тўғри ушламайди. Бу тоифа бўйича, масалан Грузия ва Украинада кўрганим - агар истеъмолчилар ўзларининг автономлигини исботлай олишса, ҳар бир оила учун алоҳида истеъмолчи сифатида рўйхатга олиш ва ҳар бири алоҳида ижтимоий нормага эга бўлиши мумкин. Шунингдек, қишлоқ туманларда, доимий газ таъминоти мавжуд бўлган аҳоли тоифалари учун ҳам компромисс вариантлар керак. Тасаввур қилинг, ҳам газ, ҳам электр таъминотига эга истеъмолчилар учун 250 киловатт электр 200/700 куб газ ижтимоий нормаси мавжуд. Фақат электр таъминотига эга қатлам учун эса ижтимоий нормадан баҳрамандлик электр билан чеклананади. Қолаверса, айни шу тоифа қиш мавсумида иситиш учун ҳам электрдан фойдаланади. Нима бўлгандаям, қишлоқ туманларида фақат электр таъминотига эга қатлам учун қишки мавсумда (октябрь-март) ижтимоий нормани ошириш ҳақида ўйлаб кўриш керак, Майли бу ёз мавсумидаги нормани бироз қисқартириш ҳисобига бўлсин. Бу бўйича балки жойига чиқиб, газ таъминоти мавжуд бўлмаган қишлоқ туманларида ўрганишлар ўтказилар.