Коронавирус “ҳолва”, дунё янги хавф остида
Қайд этилишича, “Х" касаллиги коронавирусдан 20 баробар хавфлироқ асоратларни келтириб чиқиши мумкин.
2 daqiqa o‘qiladi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ янги номаълум эпидемияга жиддий ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар берди.
Эпидемия вақт танламайди
ССВнинг ёзишича, мутахассислар келгусида бошқа патогенлар ҳам пайдо бўлиши эҳтимолини юқорилигни таъкидлашмоқда. Атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, экологик муаммолар ҳамда биологик қуролланиш авж олиши бунинг асосий омили сифатида баҳоланяпти.
Шу сабабдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари “Х” хасталигига жиддий тайёргарлик кўриш тарафдори. Чунки номаълум эпидемиянинг исталган пайтда пайдо бўлиш хавфи мавжуд.
“COVID-19 пандемияси инсоният учун сабоқ бўлди. Ҳозир коронавирус билан курашиш тажрибасига эгамиз. Аммо қурбонлар кўп бўлди ва ҳамон касаллик минглаб беморлар ўлимига сабаб бўлмоқда.” – дейилади хабарда.
COVID-19дан 20 баробар кучли
Жаҳон иқтисодий форуми 17 январ куни Швейсариянинг Давос шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Форумда ана шу масала ҳам муҳокамалар марказида бўлиши кўзда тутилган. Унда ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус, “АстраЗенеcа” фармасевтика компанияси директорлар кенгаши раиси Мишел Демаре, тиббий технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Philips” компанияси бош директори Рой Якобс ва бошқалар иштирок этиши кутиляпти.
Қайд этилишича, “Х" касаллиги коронавирусдан 20 баробар хавфлироқ асоратларни келтириб чиқиши мумкин. Шу сабабли ЖССТ барча потенсиал хавфли патогенлар учун вирусга қарши препаратларни олдиндан яратиш зарур, деган хулосада.
300 га яқин экспертлар жалб қилинган
Хабарга кўра, клиник синовларга имкон қадар тезроқ киришилса, эпидемия пайтида тажрибаларнинг иккинчи босқичи учун ихтиёрда дорилар мавжуд бўлади. Шу сабабли 2022 йил ноябр ойида ЖССТ номаълум патогенни ўрганиш учун 300 га яқин экспертлар гуруҳини тадқиқотларга жалб қилган.



