"Қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганамиз" — Энергетика вазири ўринбосари
"Қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганамиз" — Энергетика вазири ўринбосари
2 daqiqa o‘qiladi

Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди.
Хўжаевнинг сўзларига кўра, ASKUE тизими жорий этилгани битта масалада адолат ўрнатган — энди тўловни амалга оширмаган истеъмолчи энергия ёки газ билан таъминлаймайди. Ушбу тизим ишга тушгач, электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришдаги узилишлар уч баробарга қисқартирилган. Охирги беш йилда қурилган электр станциялари ундан олдинги 25 йилда ҳам қурилмаган.
«Электр энергиясидаги узилишларнинг сабаби — ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас. Балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигида. Масалан, Ўзбекистондаги мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг қарийб 85 фоизи табиий газ воситасида», — дейди у.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2016 йилгача Ўзбекистонда битта замонавий буғ-газ иссиқлик станцияси қурилган — 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станцияси. Аммо 2016 йилдан кейин Навоийда — битта, Таллимаржонда — иккита, Тўрақўрғон электр станциясида — иккита, Тахиатош электр станциясида — иккита ва Тошкент электр станциясида битта буғ-газ қурилмаси барпо этилган. Буларнинг барчаси давлат инвестицияси ҳисобидан қурилган.
«Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб ток ўчиришга сабаб бўлолмайди» — энергетика вазири ўринбосари
Ўзбекистонда газ етишмовчилиги — «Лукойл» ёки «Саноат энергетика гуруҳи»га боғлиқ эмас. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев маълум қилди.
Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, «Саноат энергетика гуруҳи» компанияси ҳамда Россиянинг «Лукойл» компанияси газ қазиб чиқариш ва уни ички бозорга йўналтириш бўйича шартномаларда кўрсатилган мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда. «Шу боис уларни газ етишмовчилигига айбдор сифатида кўрсата олмаймиз», — дейди вазир ўринбосари.
Хўжаевнинг қўшимча қилишича, тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади.
«Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди. Қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганамиз. Агар бунда инсон омили мавжуд бўлса, масъулларга чора кўрилади», — дея қайд этган вазир ўринбосари.
«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, GTL компаниясидаги ишлаб чиқариш 50 фоизга камайтирилиб, қолган газ аҳолига берилиши режалаштирилаётганини маълум қилган.



