Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Текширув кучайдими ёки контрабандистлик?

2023 йилда Ўзбекистонга ноқонуний киритилган 9 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Бу ундан ўтган йилгига рақамлардан бир неча каррасига кўпроқ. Чегарани ноқонуний бузиб ўтиш фақат гиёҳвандлик моддалари билангина боғлиқ ҳолат эмас…

3 daqiqa o‘qiladi

Текширув кучайдими ёки контрабандистлик?

2023 йилда Ўзбекистонга ноқонуний киритилган 9 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Бу ундан ўтган йилгига рақамлардан бир неча каррасига кўпроқ. Чегарани ноқонуний бузиб ўтиш фақат гиёҳвандлик моддалари билангина боғлиқ ҳолат эмас…

Аниқ рақамлар билан танишинг

Божхона қўмитаси 2023 йил учун якуний ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоб-китобларга қаралса, ноқонуний айланмалардаги рақамлар сезиларли даражада ортган.

Унга кўра, ўтган йили республикамиз чегаралари орқали 9,2 тонналик ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилган. Аниқланганлиги-ку яхши, лекин мамлакат ҳудудига тонналаб гиёҳванд моддалар киритишга уринишлар бироз этни сескантиради. Аниқлангани шунча бўлса, аниқланмаганларининг миқдори қанчалиги ҳеч кимга маълум эмас. Шунингдек, бозор қонуниятига кўра, “талаб таклифни яратади.”

Юқоридаги рақамлар 2022 йил билан солиштирилганда натижа анчагина ачинарли. Ўтган йили аниқланган гиёҳвандлик моддаларининг ҳажми 2022 йилга қараганда 12,3 баробарга яъни 8,4 тоннага ортган. Хўш, савол туғилади: мамлакатимизда контрабанда шунчалик авж олиб кетдими ёки текширувлар самарали натижа бермоқдами?

Психотроп моддалар ҳам талайгина

Кун ора психотроп моддалар савдоси аниқланганлиги ҳақидаги хабарлар чиқмоқда. Ҳозиргача, қўлга олинаётган “кичик бизнес эгалари”ни айтмаганда, республика ҳудудида ноқонуний психотроп моддаларни ишлаб чиқарувчи фирма аниқланмаган. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳудудидаги барча психотроп дориларни четдан кириб келган дейиш мумкин.

Қўмита берган маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга кириб келаётган 650 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Қонуний товарни ноқонунийга айлантирганлар

Ўзбекистонда тамаки маҳсулотлари савдоси ҳам, импорти ҳам қонунан тақиқланмаган. Шундай бўлса-да, ўтган йили божхона тўловидан қочиб, ноқонуний йўлни танлаган “тадбиркорлар”нинг қилмиши ҳам талайгина бўлган.

Маълумотларга кўра, 2023 йилда чегарадан ноқонуний йўл билан олиб кирилаётган 5 миллион 700 минг қути тамаки маҳсулотлари аниқланди. Ушбу кўрсаткич 2022 йилга қараганда 4 миллион 100 минг қути кўп. Бу эса 3,6 баробар кўп деганидир.

Шунингдек, текширувлар натижасида мамлакатга кираётган 8 778 дона қурол-яроғ ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда чегарадан ноқонуний олиб ўтилган товарларнинг умумий қиймати 972,8 млрд. сўмга тенг.

Контрабанда учун жавобгарлик қандай?

Ўзбекистонда давлат ҳудудига контрабанда йўли билан товар олиб кириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Жиноят кодексининг 246-моддасида контрабанданинг барча турлари санаб ўтилган.

Унга кўра, контрабанда, яъни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиб, декларациясиз ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб:

  • кучли таъсир қилувчи;
  • заҳарли;
  •  заҳарловчи;
  • портловчи моддалар;
  • радиоактив материаллар;
  • портлатиш қурилмалари;
  • қурол-яроғ;
  • ўқотар қуролни;
  • ўқ-дориларни;
  • ўқотар қуролнинг асосий қисмлари;
  • гиёҳвандлик воситалари;
  • гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари;
  • психотроп моддалар;
  • диний экстремизм;
  • сепаратизм;
  • ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни ҳамда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш учун эса қамоқ жазоси ўн йилдан йигирма йилгача.

Соққа масаласига тўхталамиз

Божхона қўмитаси томонидан ўтган йили давлат бюджетига жами 58,4 трлн. сўм миқдорда маблағ ўтказилган бўлиб, “божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”га жами 701 млн. АҚШ долларига тенг товарлар жойлаштирилган. Бу борадаги кўрсаткичлар эса 2022 йилга нисбатан 76 фоизга ошди.

Шунингдек, божхона қўмитаси тадбиркорлар томонидан божхона тўловидан озод қилинган ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда хорижга умумий қиймати 728 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи товарлар экспорт қилинганини маълум қилди. Ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 389 млн. АҚШ долларига ортганини кўришимиз мумкин.

Маълумот учун 2023 йилда Божхона қўмитаси томонидан давлат бюджетига 165,3 млрд. сўм қўшимча тўловлар ундирилган.