$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Шахматда шоҳ бўлмайди

chess Karlsen Abdusattorov Фото: Kun.uz

Бугундан бошлаб Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати бошланди. Икки йўналиш бўйича VI жаҳон чемпионатининг умумий соврин жамғармаси 1 миллион долларга тенг.

Дастлабки тадбирлар

25 декабрь куни йилнинг шахмат оламидаги энг муҳим мусобақаси олдидан Самарқанд шаҳрида турли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, VI жаҳон чемпионатига бағишлаб матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ҳамда юртимиз спорти мутасаддилари мусобақага кўрилган тайёргарлик, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди. Матбуот анжуманида Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Халқаро шахмат федерацияси президенти Аркадий Дворкович, рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳамда рапид бўйича 2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Маълумот учун, икки йўналиш бўйича VI жаҳон чемпионатининг умумий соврин жамғармаси 1 миллион долларга тенг.

Амалдаги чемпион тахминлари

Амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик спортчи Магнус Карлсендан иккала турнирда кимни фаворит сифатида кўриши сўралди. Бунга жавобан спортчи “Рапидда раундлар сезиларли даражада камроқ, шунинг учун топдаги натижалар нисбатан тасодифий. Мен шахсан ўзимни блицда фаворит деб биламан. Рапид бўйича чемпионатда эса кўпчилик шахматчиларда ғалаба қозониш имконияти бор, деган бўлардим, жумладан, Нодирбекда ҳам. Лекин кимнидир ажратиб кўрсат бўлмайди”, — деб фикр билдирди.

Шахматнинг ватани Ҳиндистонми ё Ўзбекистон ёхуд “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам”

Кеча чемпионат олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро шахмат федерацияси президенти (FIDE) Аркадий Дворкович ҳам иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Анжуманда журналистлардан бири Шахматнинг асл ватани Ҳиндистон дейилишини, аммо Сурхондарёдаги Далварзинтепа, Самарқанддаги қадимий Афросиёб тепаликларидан шахматнинг доналарига ўхшаш шатранжлар топилганлигини атъкидлаб, шундан келиб чиқиб, шахматнинг ватани Ўзбекистон дейишга асос борми, дея FIDE президенти номига савол йўллади. Шунда Аркадий Дворкович “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” қабилида “Шахмат ватани Ҳиндистон дейилади, лекин қадимий шахмат доналари Ўзбекистон ҳудудидан топилган. Шахматнинг пайдо бўлиши ҳақида кўплаб адабиётларни ўқиганман ва уларда шахмат доналари илк марта Ҳиндистонга яқин жойларда топилгани ҳақида ҳам фикрлар бор. Аммо сўнгги изланишлар ва замонавий архелогик топилмалар кўрсатадики, шахмат ўйини қадимдан Ўзбекистонга яқин ҳудудларда ҳам ривож топган.”, дея икки давлат вакиллари кўнглини ҳам оғритмаган ҳолда жавоб қилди.

Ўзбекистонлик шахматчиларнинг рақиблари маълум

Мусобоқанинг илк куни рапид йўналишида 5 та тур учрашувлари ўтказилади. Амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен қуръа натижаларига кўра 1-турда черногориялик Никита Петровга қарши оқ доналарда ўйнаса, рапид бўйича 2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам илк турда оқ доналарда ҳаракат қилади. Ҳамюртимиз нидерландиялик Лиам Вройлик билан муносабатларига ойдинлик киритб олади. Рапид йўналиши бўйича 1-турда ўзбекистонлик таниқли шахматчиларнинг рақиблари қуйидагича:

Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2727) - Лиам Вролийк (Нидерландия, 2498)

Муҳиддин Мадаминов (Ўзбекистон, 2415) - Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон, 2625)

Том О`Горман (Ирландия, 2262) - Нодирбек Якуббоев (Ўзбекистон, 2564)

Жаҳонгир Воҳидов (Ўзбекистон, 2527) - Роман Шогджиев (FIDE, 2034)

Александр Предке (Сербия, 2586) - Абдумалик Абдусалимов (Ўзбекистон, 2330)

Кимлар иштирок этади?

VI жаҳон чемпионатида дунё рейтингида юқори ўринларда турган гроссмейстерлар Магнус Карлсен, Даниил Дубов, Гукеш Доммараджу, Винсент Каймер, Шахрияр Мамедяров, Ян-Кшиштов Дуда, Ю Янъи, Максим Вашье-Лаграв, Левон Аронянларнинг иштирок этади. Ўзбекистон шарафини 33 нафар шахматчи ҳимоя қилади: Олимпия ўйинлари чемпионлари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, гроссмейстер Абдималик Абдисалимов ва бошқалар.

Чемпионат 30 декабрь кунига қадар давом этади.