Паркент тумани ҳокимининг Captiva сотиб олиши ортидан Бош прокуратурага сўровнома юборилди
Автомобилни сотган шахс ҳокимнинг ўғли бўлиб чиққан.
2 daqiqa o‘qiladi

Куни кеча ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги томонидан «Mega Karer» МЧЖдан Captiva русумли автомобиль 260 млн. сўмга сотиб олингани тўғрисида хабарлар тарқалди. Унда сотувчи жамият раҳбари ва сотиб олувчи мансабдор шахснинг ўғли бўлиб чиққани кўпчиликнинг диққатини тортди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам Паркент тумани ҳокимлиги Captiva автомобили харид қилган ва воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлигини тасдиқлаган.
Паркент тумани ҳокимлиги эса бу ҳолатни Паркент – тоғ ва тоғолди ҳудудлардан таркиб топгани, шундан келиб чиқиб, 2019 йилда туман ҳокимлиги "Captiva" машинасини харид қилишни режалаштирган. Бироқ, ўша вақтда туман бюджетида етарли маблағ бўлмагани туфайли, туман ҳокимининг фарзанди, яъни "MEGA KARER" МЧЖ таъсисчиларидан бири отаси фойдаланиши учун мазкур машинани бериб турган дея изоҳламоқда.
Оғзаки келишувга кўра, туман бюджетида етарли маблағ бўлган пайтда пул ўтказиб бериладиган бўлган. Яъни, машина туман ҳокимлиги ихтиёрига берилган пайтда янги бўлган. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, тўлов қобилияти шаклланганидан кейин бу маблағлар фирмага баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган нархга кўра ўтказиб берилган. Аниқроғи, туман ҳокимининг фарзанди туман ҳокимлигига янги "Каптива"ни кейинроқ тўлаб бериш шартига рози бўлган ҳолда топширган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат ҳокимияти вакилининг ўз мансабидан фойдаланган ҳолда коррупцияга йўл қўйиш аломатлари мавжудлиги боис мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказишни сўраб Бош прокуратурасига сўровнома юборган.
“Ҳолат юзасидан ОАВ ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилади”, агентлик хабарида.



