$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Жамоат транспорти қачон жамият учун хавфсизлашади?

Avtobus

Охирги пайтларда автобуслар билан содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар кўп тарқалмоқда. Бунга сабаб ҳам, албатта, жамоат транспортларида ЙТҲ кўп бўлаётганлиги. Хўш, мазкур ЙТҲларга йўллардаги ноқулайликлар сабаб бўлмоқдами ёки ҳамма гап ҳайдовчилардами? Ечим қачон топилади?

Янги лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамкорлигида “ТАИЛEВ” лойиҳаси доирасида “Яшил шаҳар” номли янги транспорт йўлаги лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа автобус йўлакларини ташкил қилишга кўмаклашиш мақсадида пойтахтнинг Шота Руставелли кўчаси учун тузиб чиқилган. Лойиҳанинг асосий мақсади эса автобус йўлакларини хавфсиз ҳамда самарали жорий этишга кўмаклашиш этиб белгиланган.

Лойиҳага кўра, автобус йўлаклари ҳозир ташкил қилинаётгандек йўлнинг четки қисмида эмас, аксинча қарама-қарши томонларни боғлаб турувчи марказий икки йўлакка мўлжалланган.

Асоссиз сўровномами бу?

Хабарда лойиҳа ишлаб чиқилаётганда йўловчи ва аҳоли фикри ўрганилганлиги айтилган. Лекин, қизиқ томони аҳоли ўртасида қай тарзда сўровнома олиб борилганлиги ва уларнинг фикридаги қандай умумийликлар борлиги ҳақида ҳеч қандай ҳисобот ҳам, асос ҳам йўқ.

Бундан ташқари, лойиҳада ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, болалар ва аёлларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига бўлган эҳтиёжлари инобатга олинганлиги таъкидлаб ўтилди.

Хавфсизлик қай даражада бўлади?

Жорий йилда 11 ой давомида автобуслар билан 94 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги, уларнинг 34 таси автобус ҳайдовчиларининг айби билан юзага келганлиги ҳақидаги маълумот “Тошшаҳартрансхизмат” томонидан тақдим қилинган эди. “Яшил шаҳар” лойиҳаси орқали эса лойиҳа ташкилотчилари жамоат транспортидан фойдаланишда хавфсизлик даражаси юқори бўлишини айтишмоқда.

Такидлаш керакки, юқоридаги ЙТҲларнинг 34 тасида автобус ҳайдовчиси айбдор бўлган. Бундан ташқари, яқинда автобус ҳайдовчилари иш вақтида телефондан фойдаланиши масаласида рейдлар ўтказилган эди. Рейд давомида 7 нафар автобус ҳайдовчиси ишдан олинган.

Агар ЙТҲларнинг асосий қисмида автобус ҳайдовчиси айбдор бўлиб қолаверса, мазкур лойиҳа ўзини оқлайдими ёки йўқ? Автобус ҳайдовчиларини назорат қиладиган масъуллар борми ўзи? Автобусдаги камералар фақат йўловчилар учунми?

Вақт жиддий масала

Яқинда пойтахтда қайси транспортдан фойдаланиш вақтни тежаши ва қайси бири манзилга тезроқ етиб бориши масаласида тадқиқот ўтказилган эди. Бу тажриба енгил автомобиль, метро, автобус ҳамда махсус йўлакчаларда ҳаракатланувчи велосипед ва шунга ўхшаш электрон қурилмалар орасида ўтказилган. Натижага кўра, автобус деярли махсус йўлакчалардаги воситалар билан бир хил натижа кўрсатиб, автомобил ҳамда метродан анча ортда қолган.

Ушбу лойиҳада эса техник-иқтисодий асосларга кўра мазкур йўлакнинг жорий этилиши натижасида йўлак бўйлаб автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоизга ошиши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12.3 фоизга қисқаришига эришилиши ҳисоблаб чиқилган.

Иқтисодий томонлари ҳисоблаб чиқилди

“Яшил шаҳар”да йўлларда содир бўлаётган тирбандликларга ҳам эътибор берилган. Мазкур лойиҳа амалга ошиши орқали эса масъуллар бир кунда йўлак бўйлаб автобусда ҳаракатланадиган барча йўловчилар ҳамда шахсий транспорт эгаларининг умумий ҳисобда 3 318 соатини тежашга эришмоқчи.

Шунингдек, лойиҳа орқали тежалган ёқилғи йилига 2.6 миллион литрни ташкил этиб, бу йилига 21.2 миллиард сўм иқтисодий самарага олиб келиши ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирда ишлаб чиқилган лойиҳалар ва техник-иқтисодий асослар Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилди.