Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Эндиликда боғча ва мактаблар қуриш бўйича буюртмачи компания ташкил этилади

Президент қарорига мувофиқ инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

1 daqiqa o‘qiladi

Эндиликда боғча ва мактаблар қуриш бўйича буюртмачи компания ташкил этилади

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, “Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳаси объектларини барпо этишда буюртмачи хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинган.

Компания вазифалари

Қарорга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси ташкил этилади. 2024–2026 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури (https://lex.uz/docs/6721094) доирасида Компания мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради.

Жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда назорат ҳақида 

Унга объектлар учун марказлашган ҳолда асосий қурилиш материаллари, жиҳозлар ва конструкцияларни (қурилиш жараёни билан боғлиқ бўлмаган мебель жиҳозлари ва асбоб-ускуналар бундан мустасно) харид қилиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган.

Компания объектларнинг сифатини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида ҳудудлар кесимида ҳар бешта объектга камида битта техник назорат ходимини бириктиради.

Шунингдек, компанияга маҳаллий ва хорижий бошқарувчи, маслаҳатчиларни (PMC – Project Management Consultancy) тендер савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифлар орасидан танлаб олиш ва тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали жалб қилиш ҳуқуқи берилади.