$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

“Отанг бозор, онанг бозор”дан “Отангга бор, онангга бор”га

qoyliq

Бугун тонгда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий саҳифасида пойтахтда озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида, бозорларда қурилиш ва реконструкция ишлари бошланаётганлиги ҳақида хабар жойланди.

Қўйлиқ биринчи

Хабарга кўра, реконструкция ишларининг биринчи босқичида, пойтахтнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида, яъни Қўйлиқ бозорида реконструкция ишлари бошланишини маълум қилинган.

Сабаб тартибсизликларми ёки кўчириш? 

“Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”, — дея вазият изоҳланади хабарда.

Тадбиркорларга эса реконструкция даврида ўз фаолиятини “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади.

Ёқимли таклифлар 

Бу вазиятда тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилиниши маълум қилинган. 

Шунингдек, хабарга кўра, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида “Қўйлиқ” массивидан бозор ҳудудигача йўл кира ҳаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилиниши ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилиши кўзда тутилган.

Бир кун аввал 

Kun.uz нашрининг манбаларига кўра, расмий хабар эълон қилинишидан бир кун олдин, яъни 4 январ куни шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов “Food city”га бориб, эски Қўйлиқ бозорининг кўчирилишини айтишган.

Ғалати мавҳумлик

Энг қизиғи, реконструкция ишларининг лойиҳаси, қиймати, пудратчиси ва реконструкциянинг якунланиши муддати ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Реконструкциядан кейин бозор қайта ишлайдими ёки йўқ, тадбиркорларнинг дўконлари, ижара ҳуқуқлари сақланиши ҳақда ҳам хабарда умуман аниқлик киритилмаган. Нашрлар томонидан берилган саволларга ҳам тўлиқ жавоблар берилмаган.

Иккинчи уринишми? 

Қайд этиш жоизки, бозорларни “Food city” ёки “Тashkent Index”га кўчириш ҳаракатлари илк маротаба бўлаётгани йўқ. 2021 йилнинг декабрида ҳам шундай гаплар тарқалгач, Қўйлиқ деҳқон бозорида ишловчи тадбиркорлар бунга қаршилик билдиришган. Шу сабабли, ҳокимият бозор бузилмаслигини, унинг аксарият қисми босқичма-босқич кўчирилишини маълум қилган.

Сирғали автомобиль бозори тақдири нима бўлади? 

Юқоридаги хабарлар ортидан тармоқларда Сирғалида жойлашган Автомобил бозори ҳам таъмирланиши ва бошқа савдо-мажмуасига кўчирилиши ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади. Маълум бўлишича, ҳозирда Автомобил бозорини реконструкция қилиш бошланиб бўлган, лекин параллел равишда ўз фаолиятини ҳам олиб бормоқда. Шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати мутахассиси Гулноза Қосимованинг манбалардан бирига айтишича, Сергелидаги бозорнинг кўчиши “ҳозирча тасдиқланмаган хабар”.

Шунингдек, у “Бундан шаҳар, туман ҳокимияти ҳам, “Тashkent Index” маъмурияти ҳам хабардор эмас. Лекин (пойтахтдаги) ҳамма эски бозорлар босқичма-босқич янгиланади”, – дея сўзларига қўшимча қилган.