Бу йил мамлакатда ўғил болалар кўпроқ туғилдими ёки қиз болалар?
11 ойда Ўзбекистонда қарийб 900 мингта тирик туғилиш қайд этилган. Хўш, уларнинг неча нафари қиз, қанчаси ўғил болалар?
1 daqiqa o‘qiladi

Статистика агентлиги томонидан жорий йилда туғилган болалар статистикаси тақдим этилди. Унга кўра, мамлакатимизда ўғил болалар қиз болаларга қараганда салкам 32 мингта кўпроқ туғилган.
Рақамлар кўрсаткичи
Агентликнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бу йилнинг январь-ноябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 887 424 нафар тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 фоизга ошган. Жорий йилнинг 11 ойида 459 701 нафари ўғил болалар туғилган бўлиб, қиз болалар туғилишида эса бу рақамлар 427 723 тани кўрсатади.
Кўриниб турибдики, 11 ой давомида қиз болаларга нисбатан 31 978 нафар кўп ўғил болалар дунёга келган.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, оилада ёки мамлакатда иқтисодий инқироз бўлган пайтларда ва аёлларда ҳомила вақтида стресс ҳолатлари кузатилганда асосан қиз фарзанд дунёга келар экан. Бундан келиб чиқадики, биздаги ҳолат бир мунча барқарор ва ўғил ва қиз болаларнинг туғилишлар сони меъёрида.



