Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

«АвтоВАЗ» эҳтиёт қисмларни етказиб беришдаги инқироз туфайли автомобил йиғиш линияларини тўхтатди

«АвтоВАЗ» эҳтиёт қисмларида муаммо

2 daqiqa o‘qiladi

«АвтоВАЗ» эҳтиёт қисмларни етказиб беришдаги инқироз туфайли автомобил йиғиш линияларини тўхтатди

«АвтоВАЗ» компанияси Толяттидаги барча учта йиғиш линияларида автомобил ишлаб чиқаришни тўхтатди, деб ёзмоқда «РИА Новости» расмий манбага таяниб.

Россия компанияси ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни шанба кунлари ишлаш ва «Роберт Бош Самара» компаниясидан бутловчи қисмлар етказиб бериш билан боғлиқ вазият нормаллашганидан кейин тўққиз соатлик иш сменаларини ташкил этиш орқали қоплашни режалаштирмоқда. Ўз навбатида, ушбу етказиб берувчи ҳам машиналар учун электрон компонентларни қабул қилишда узилишларга дуч келди.

Қайд этилишича, LADA Granta маркаси йиғилиши фақат 9 ноябрь куни амалга оширилган, LADA Largus ва XRAY, Renault Logan ва Sandero 8-11 ноябр кунлари йиғилган, LADA Niva йиғувчилар учун эса бутун ҳафта ишсиз ўтган. Шу билан бирга, LADA Vesta моделлари йиғиладиган «LADA Ижевск» заводида иш одатдагидек давом этмоқда.

АвтоВАЗ йиғиш линияларини бир кунга тўхтатиб қўйган бўлсада, двигателлар, узатмалар қутиси, шассилар, прессланадиган ишлаб чиқариш, металлургия ишлаб чиқаришни стандарт жадвалга мувофиқ давом эттирмоқда. Компания ишида узилишлар охирги марта ёзда кузатилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ яримўтказгичлар билан боғлиқ инқирози Volkswagen компаниясига таъсир ўтказгани хабар қилинганди. Ёзда Intel бош директори Пэт Гелсингер микрочиплар тақчиллиги билан боғлиқ оғир вазият яна икки йил давом этиши мумкинлигини маълум қилганди.

Яримўтказгич инқирози маҳаллий автомобил саноатини ҳам четлаб ўтмади. Коронавирус пандемияси фонида юзага келган ушбу ҳолат туфайли иккиламчи бозорда автомобил нархлари кескин ошиши кузатилди, дея хулоса берганди ИТИМ экспертлари.

Ўз навбатида UzAuto Motors автомобил ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда ва инқирозга қарамасдан, ходимларни қисқартириш ниятида эмаслигини маълум қилган.