$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Қонунчиликдаги бўшлиқлар одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда

 Аттракционлар Attraktsionlar

Куни кеча Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Республикадаги мавжуд аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни тартибга солувчи 2 та норматив ҳужжат мавжудлиги айтиб, ушбу ҳужжатларда айрим ҳуқуқий бўшлиқлар борлигни таъкидлади. 

Ушбу бўшлиқлар сабаб эса 2019-2023 йил мобайнида аттракционлар билан боғлиқ жами 11 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, ҳордиқ чиқариш учун келган қурбонлар 4 нафарни ташкил қилган ва кўпчиликнинг саломатлигига ўнглаб бўлмас зарар етган.

2023 йил, 14 май. 12 ёшли бола Наманган шаҳридаги истироҳат боғидаги аттрационда айланган вақтида бош қисмидан тан жароҳати олиб, вафот этди.

2020 йил 2 январь. Фарғонадаги “Ал-Фарғоний” миллий боғидаги аттракционг маҳкамлаш деталларидан бири чиқиб кетиб, учаётган 32 ёшли аёлнинг бошига урилади. Шифохонага етказилган аёл шифокорларнинг уринишларига қарамай вафот этган.

2019 йил 30 сентябрь. Намангандаги кўнгилочар истироҳат боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган “Spin blockк” аттракционида 18 ёшли қиз аттрационда кутилмаганда жароҳат олади ҳамда воқеа жойида вафот этади. 

2019 йил 28 июн. Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” болалар боғида “Учар ликопча” аттракционининг ликопча қисми айланаётган пайтда таянч қисмидан узилиб, 7 метр баландликдан ерга қулаган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 20 яшар қиз фожиавий тарзда ҳаётдан кўз юмган. У касалхонага етмай йўлда жон берган.

Сабаб нима?

Юқоридаги каби воқеалар тафсилоти ўрганилар экан, кўпинча аттракционларнинг статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, улардан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани, оддий техник хавфсизликларга риоя қилинмагани ёки жабрланувчининг ўзи эҳтиётсизлик қилгани сабаб бўлади.

Бирорта истироҳат боғи ҳақида ижобий хулоса бериб бўлмайди

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистондаги аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилганини айтган эди. “Аттракционларнинг техник ҳолати ҳар мавсум бошида, яъни йилда бир марта динамик ва статик синовдан ўтказилади. 100 нафардан иборат 16та ишчи гуруҳ томонидан республика бўйича аттракционлардаги вазият ўрганилганди. Айтиш мумкинки, республикадаги бирорта истироҳат боғи ҳақида ижобий хулоса бериб бўлмайди. Аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган ва муддатини ўтаб бўлган”, деган Ғуломов ОАВ вакиллари билан учрашувда.

Ҳокимликлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эътиборсизлиги

Саноат хавфсизлик қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев эса ҳокимликлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги носоз аттракционларни фойдаланишдан чиқариш борасидаги мурожаатларни эътиборсиз қолдираётганини таъкидлайди.

1879 та аттракционнинг 582 таси техник носоз

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистондаги 148 та маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа кўнгилочар масканларда жами 1 993 та аттракцион фаолият кўрсатмоқда. Бироқ ушбу аттракционларнинг қанчаси талабга жавоб бериши ҳақида маълумот берилмаган. 2022 йилда эса Республикада мавжуд 1879 та ҳар хил аттракционларнинг 574 таси техник носоз деб топилган, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилган.

Тақиқлаб қўйишга ваколатимиз йўқ

“Тошкент шаҳри энг намунали ҳудуд бўлса-да, шаҳардаги мавжуд 17 та истироҳат боғидан 11 тасининг фаолиятига рухсат берилган. Қолган боғларда жойлашган аттрационларнинг камчиликлари бўлгани сабаб уларнинг фаолият юритишига рухсат берилмаган. Аммо ҳудудлардаги боғларда жойлашган аттракционларни назоратдан ўтказиш масаласи жуда оғир. Биз тадбиркор ишлатаётган аттракционнинг носоз эканини айтсак-да, хулоса берсак-да, буни тақиқлаб қўйишга ваколатимиз йўқ. Хусусан Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги носоз аттракционлар ҳам фаолият юритиши учун хавфли деб топилган. Бироқ тадбиркорлар ўзбошимчалик қилиб, тартибга бўйсунмаган. Оқибатда кўнгилсиз воқеалар рўй берди”, - деган эди Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг истироҳат боғларини назорат қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Абдуфотиҳ Рашидов.

Унда фожиалар учун ким жавобгар?

Масъулларнинг айтишича, тадбиркорлар аттракционларида камчилик бўлса-да, ўзбошимчалик билан уларни ишлатиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда. Уларнинг носоз аттракционларни тақиқлаб қўйишга ҳам ваколати йўқ экан. Текширилганда ҳам носоз деб топилган атракцион яна ҳар доимгидек фаолият кўрсатаверади. 

Тадбиркорларни тийиб турадиган бирор қонун йўқми? 

Хўш, унда бу муаммога ечим топиш учун нима қилиш керак? Фойда олишни одамларнинг ҳаётидан ҳам устун қўядиган тадбиркорларни тийиб турадиган бирор қонун йўқми? Носозликлар туфайли юз бераётган бахтсиз ҳодисалар дарс бўлмаётганига, бу каби фожиалар тўхтамаётганига ким айбдор? Аттракционни тақиқлаб қўйишга ваколати бўлмаган мутасаддиларми, хавфсизликни биринчи ўринга қўймаган тадбиркорларми, ёки шунчаки ҳордиқ чиқариш учун келиб, ҳалок бўлган қурбонларми?