Ангрен нефть базасидан 11 500 литр бензин сизиб чиқди
Ангрен нефть базасидан 11 500 литр бензин сизиб чиқди
1 daqiqa o‘qiladi

Тошкент вилояти Ангрен нефть базасида 5000 метр куб ҳажмдаги сиғим сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб, ёрилиб кетди. Оқибатда заводдан 11 500 литр бензин сизиб чиқди. Корхона раҳбари ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда Ангрен нефть базасида авария содир этилганлиги билан боғлиқ тарқалган хабар юзасидан корхона бошлиғи Д.Азимов муносабат билдирди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
10 декабрь куни тахминан соат 20:10 да Ангрен нефть базаси ҳудудида 5000 метр куб ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб, ёрилиш юз берган. Оқибатда сиғимда бўлган 11 500 литр АИ-80 бензин ёқилғи маҳсулоти тўкилган.
Ёқилғи маҳсулотлари ёмғир суви чиқадиган лоток ариқлари орқали завод ҳудудидан соат 14:00 да ташқарига сизиб чиқа бошлаган.
«Содир бўлган авария ҳолати завод ишчи-ходимлари томонидан шу куннинг ўзида соат 20:45 да бартараф қилинган. Ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаган», — дейилади баёнотда.



