$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

Совуқдан кимдир ўлишига энди шубҳа йўқ

Cold allergy Аллергия

Ижтимоий тармоқларда АҚШда совуқдан 47 та одам ўлганлиги ҳақида хабарлар тарқади. “Бу бизда эмас-ку” деб хотиржам бўлишингиз турган гап. Лекин, совуққа аллергия юзага келишига-чи, ишонасизми?

Аллергия бошланиши

Олдинлари, халқ орасида кимнидир устидан кулиш мақсадида “совуқдан кимдир ўлиб қолибди” деган ибора юрар эди. Ҳозир эса бунга ҳам одамда шубҳа пайдо бўлиши турган гап. Сабаби аллергия қаторларида совуққа аллергия ҳам бор. Аллергик хасталиклар кўпинча мавсумий хусусиятга эга. Масалан, баҳорда дарахтлар гуллаши, ёзда ўсимликлар чанг зарралари ва қуёшнинг ултрабинафша нури, кузда ёмғирдан кейин ҳавога кўтариладиган замбуруғ споралари баъзиларда аллергик реакцияларни юзага келтириши мумкин. Хўш, қиш фаслида аллергияга мойил кишиларда қандай патологиялар кўп кузатилади деб ўйлайсиз? 

Ҳаво ҳарорати пасайиши билан айрим инсонларда тез-тез акса уриш, лаблар қуриши, кўкариши, кўз ёшланиши, тошмалар тошиши, қичишиш каби ҳоллар кузатилади. Иссиқ жойга киргач эса ғайритабиий аломатлар камаяди. Бу совуқ оқибатида пайдо бўладиган аллергияга хос симптомлардир. Яъни тананинг паст ҳарорат таъсирига ҳаддан ташқари сезгирлиги белгиси. У кўпроқ аёллар ва болаларда кузатилади. 

Мазкур касаллик, аввало, иммунитет тизими заифлигини ифодалайди. Бундай инсонлар совуқ билан юзлашганда, организм ноёб патологик оқсил — криоглобулин ишлаб чиқара бошлайди. У иммунитет ҳужайралари томонидан бегона унсур сифатида қабул қилиниб, ҳужумга учрайди. Бу жараёнда фаол ишлаб чиқариладиган гистамин моддаси аллергик реакцияга сабаб бўлади.

Аллергия тури ҳамда асоратлари

 Хасталик турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлади: эшакеми, ринит, конъюнктивит, дерматит, астма. Ҳатто оғир ҳолатларда баъзи беморларда Квинке шиши ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани эшакеми бўлиб, танада пуфакчалар пайдо бўлиши билан тавсифланади. 

Совуқдан аллергия белгилари изғирин ҳарорат таъсиридан 3-5 дақиқа ўтгач пайдо бўлади ва аломатлар 1-2 соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин. Касалликнинг ўткир ва сурункали шаклида қўл, юз, ёноқ ва оёқларларда кучли қичишиш юзага келиб, сўнгра терида қизил доғ ва пуфакчалар ҳосил бўлади. Баъзан титроқ, умумий ҳолсизлик, юрак уриши тезлашиши ва бўғимларда оғриқ кузатилади. Нафас қисиши, тахикардия, қон босими пасайиши, кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи безовта қилиши мумкин.

Ушбу вазиятда нима қилиш керак?

Хасталикнинг айнан паст ҳарорат таъсирида юзага келаётганини уй шароитида ҳам синаб кўриш мумкин. Бунинг учун қўлингизнинг билак қисмига муз бўлакчасини қўйиб, 5-10 дақиқа ушлаб турасиз. Агар шу вақт давомида билакда қаварчиқ пайдо бўлса, қичишиш, қизариш ёки ачишишни сезилса, демак, совуқдан аллергияга мойиллик бўлиши мумкин. Аммо аниқ ва якуний ташхисни аллерголог-иммунолог қўяди.

Шифокорлар кўрсатмасига кўра, махсус синамалар топширилади. Қон таҳлили орқали беморда эозинофиллар ва иммуноглобулин Е миқдори қисман ошиши тасдиқланса, тегишли даво муолажалари белгиланади. Шунга қармай, бу турдаги аллергияга мойиллиги бор кишилар совуқдан ҳимояланишлари керак. Изғирин ҳароратда кўчага чиқишдан аввал шифокор тавсия этган ҳимоя кремлари ва махсус малҳамларни қўллаш даркор. Совуқ сувда чўмилиш, Ювиниш чоғида қаттиқ мочалкалардан фойдаланиш эса тананинг аллергияга бўлган таъсирини ривожлантириб, тер қисмига шикаст етиши мумкин. 

Тановул масаласи

Шунингдек, шифокорлар асал, мураббо, спиртли ичимликлар, аччиқ, шўр егуликлар, қизил рангли мевалар, бўёқ қўшилган маҳсулотлар, балиқ ва от гўштидан тайёрланган таомлар, ёнғоқ, ерёнғоқ, писта каби қуруқ мевалар, турли ўтлардан дамламалар истеъмол қилмасликни тавсия қилади. Чунки уларда аллергик хасталик қўзғатувчи хусусиятлар мавжуд. Шунингдек, аллергияга мойил кишилар шифокор тавсиясисиз сулфаниламидлар, антибиотиклар, талваса, яллиғланиш ва силга қарши препаратлар ҳамда турли витаминлар қабул қилиши мумкин эмас.

Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида ушбу касалликка аниқ ташхис қўйиш баробарида, уни самарали даволаш йўлга қўйилган.