Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

“Журналист ёки блогер матбуотда айтган сўзи учун қамалмаслиги керак” — Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзиннг телеграм каналида пандемия давридаги ОАВ га бўлаётган босимлар ҳақида гапирар экан, АОКА ва Адлия вазирлиги томонидан соҳага оид бир қатор норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

2 daqiqa o‘qiladi

“Журналист ёки блогер матбуотда айтган сўзи учун қамалмаслиги керак” — Алламжонов пандемия давридаги ОАВ ҳақида

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзиннг телеграм каналида пандемия давридаги ОАВ га бўлаётган босимлар ҳақида гапирар экан, АОКА ва Адлия вазирлиги томонидан соҳага оид бир қатор норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

“Бу йил жуда оғир келди. Пандемия ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Режалар бузилиб кетди. Тадбирлар қолдирилди. Ўз навбатида, матбуот ҳам гап кўтара олмайдиганлар қаҳрига бир неча бор учраб, анча синовларни бошидан ўтказди.

Ҳамманинг асаби таранглашган, битта гап – кам, иккитаси – кўп, дейдиган давр бўлди. Фақат бизда эмас, бутун дунёда матбуот тазйиқларга учради.

Лекин бу сўз эркинлиги яна бўғилади, Президентимиз томонидан бошланган ислоҳотлар амалга ошмай қолди, дегани эмас. Мана, айни кунларда АОКА ва Адлия вазирлиги томонидан қатор норматив ҳужжатлар тайёрланмоқда”, деб ёзади Васийлик кенгаши раиси.

Унинг ёзишича, АОКА ва Адлия вазирлиги туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаб, киритиши лозим. У буни ОАВ ривожига катта туртки бериши билан изоҳлаган.

“Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, журналист ёки блогер матбуотда айтган сўзи учун қамалмаслиги керак. Майли, жарима тўласин, қилган хатоси учун маъмурий жавобгарликка тортилсин, лекин озодликдан маҳрум бўлмасин. Иши ҳамма ривожланган давлатлар каби очиқ судда адолатли кўрилсин”, деб ёзади у.

Комил Алламжоновнинг ўрганишлар шу пайтгача бу модда билан биронта журналист озодликдан маҳрум қилинмагани, амалда ишламайдиган қонунлар Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги индекс ва рейтинги ўсишига халақит берётганини таъкидлаган.

Яна бир ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилашга қаратилган. Унинг фикрича, бу масала юзасидан ҳам АОКА ва Адлия вазирлиги таклифларни ишлаб чиқиб, киритиши лозим.

“Бизнинг Фонд ҳам Президентимиз томонидан ушбу йўналишда белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, очиқлик, матбуот ва давлат идоралари ҳамкорлиги механизмларини янада такомиллаштиришда ҳар томонлама ёрдамга тайёр эканлигини, журналист ва блогерларни йиғиб, бу масалалар юзасидан уларнинг таклифларини ўрганишини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бизнинг бош мақсадимиз ҳам ОАВ ходимлари учун хавфсиз фаолият майдонини яратишга эришишдир”, дейди К. Алламжонов