$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳар 10 сонияда бир киши унинг қурбони бўлмоқда

алкогол

Эрининг ароқхўр эканлигидан қўни-қўшнига қўшилолмайдиган аёллар, отасининг “шишадош” улфатлари деб боши ҳам бўлган болаларни кўрганмисиз? 

Фарзандини ҳаётга қайтариш илинжида ичкиликнинг давоси борми, деб елиб-югурган ота-оналар-чи? Йўқ дея олмайсиз, албатта.  

Жиноятлар асосий сабаби

Ўзбекистонда содир этилаётган жиноятлар, қотилликлар, ажрашишлар, уриш-жанжалларга ҳам, асосан, ичкилик сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. 

Ичкилик туфайли жуда кўп хонадонлар тинчлигини йўқотяпти, топиш-тутишдан барака кўтариляпти, фарзандлар ота-онага оқ бўляпти, келажакка раҳна солиняпти.  

Ўлим ва ногиронликка олиб келувчи энг катта сабаб 

Француз шифокорлари ота-оналари ичкиликка берилган 1776 нафар боланинг ҳаётини кузатиб, қуйидаги хулосага келган.

 Болаларнинг тўртдан бир қисми чақалоқлигида нобуд бўлган, 154 нафари тутқаноқ касалидан азоб чеккан. 69 нафарининг эси паст, 22 та бола эса ақли заиф бўлган. 

20 та хатарли омиллардан бири

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, саломатликка салбий таъсир қилувчи 20 та хатарли омиллардан алкогол истеъмоли ўлим ва ногиронликка олиб келувчи сабаблардан ҳисобланади.

Сурункали алкоголизм касаллигига чалинган беморлар сони ўсиб бормоқда 

Ўзбекистонда алкогол маҳсулотлари аҳоли жон бошига нисбатан кўп истеъмол қилинмаса-да, кейинги пайтларда сурункали алкоголизм касаллигига чалинган беморлар сони ўсиб бормоқда. 

ЙТҲлар сабаби

Ичкиликбозликдан келиб чиқадиган яна бир жиддий муаммо борки, у ҳам йилдан йилга кўпроқ кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Бу мастлик туфайли содир этиладиган йўл-транспорт ҳодисаларидир. 

Ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари туфайли дунё бўйлаб ўртача 1,3 миллион киши нобуд бўлса, бундай ҳодисаларнинг 7-8 фоизи мастлик туфайли юз беради.

Ҳар 10 сонияда бир киши ҳаётдан кўз юммоқда

 Жаҳонда содир бўлаётган бевақт ўлимларнинг тахминан 5 фоизи спиртли ичимликларга ружу қўйиш натижасида келиб чиқмоқда.

Энг ачинарлиси, ана шу аянчли қисмат эгаларининг қарийб 14 фоизини 20-39 ёш оралиғидаги инсонлар ташкил этади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ичкиликбозликнинг ҳалокатли оқибатларига доир ҳисоботига кўра, ушбу хавфли иллат туфайли дунёда ҳар йили 3 миллион киши ҳаётдан кўз юммоқда.

 Бу ҳар 10 сонияда бир киши ичкиликбозлик қурбонига айланаётганидан далолат беради. 

Тадқиқотларга кўра, спиртли ичимликларнинг зарарли таъсири ўсмирлар ва ёшлар ҳаётига янада кўпроқ хавф солмоқда. 

Сурункали ичувчиларнинг спиртли ичимлик ичмайдиганларга нисбатан ўртача ўлим кўрсаткичлари икки баробарга юқори экан. Бу эса инсон умрини 17-18 йилга қисқартиради. 

Ичиш оқибатида содир бўладиган ўлим ва касалликлар 

Дунё олимлари спиртли ичимликлар ичиш оқибатида содир бўладиган ўлим ва касаллик ҳолатларини ўрганиб чиқдилар. Қуйида мана шундай вазиятларнинг 10 таси келтирилган:

 1. Мунтазам ароқ ичиш жуда кўп хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Масалан, жигар циррози (жигарнинг тиришиб, қотиб қолиши), пневмония (зотилжам, ўпканинг яллиғланиши), миокардиодистрофия (юрак мускулларида моддалар алмашинувининг бузилиши), иммунитетнинг ўта даражада пасайиши, бунинг оқибатида бошқа оғир касалликларга чалиниш (сил ва шунга ўхшаш) айнан ичкилик туфайли юзага келади. Бундай дардга чалинган беморлар касалхонага тушгач, аввалги нормал ҳаётига қайтишни истайди. Лекин бу ният камдан-кам ҳолларда рўёбга чиқади. 

2. Мастлик + чекиш = ёнғин. Маст ҳолатда чекиш кўп вазиятларда ёнғин содир бўлишига олиб келади. Ёнғинда ҳаётдан кўз юмганларнинг 85%и маст ҳолатда бўлади. Чунки ақли-ҳуши ўзида бўлган одам қутилиш йўлини тез топа олади. 

3. Сувга чўкканларнинг 2/3 қисми (60 фоиздан кўпроғи) ичган бўлади. 

4. Йўл ҳаракати ҳодисаларидаги ўлим. Маст ҳолда рулга ўтириш нафақат ичувчининг ўзига, балки унинг ҳамроҳлари, бошқа ҳайдовчи ва пиёдалар учун ҳам хавфлидир. Сиз умуман ичмаган, ароқнинг таъмини билмаган тақдирингизда ҳам исталган пайтда унинг касофатидан ўлиб кетишингиз ҳеч гапмас.

5. Тадқиқотларга кўра, қотиллик ва кучли жароҳатланиш ҳолатларининг 2/3 қисми ичиш билан боғлиқ. Оддий мисол: уч-тўртта улфат “отамлашиб” ўтирибди. Бир-бирини оғзидан бол томиб мақтаяпти. Шунда биттаси айтган гапга иккинчиси қулоқ солмайди. Чунки у ҳам бошқасини кўкка кўтараётган бўлади. Ўртада жанжал келиб чиқади. Бундай вазиятда эс-ҳушини йўқотган одам шеригини уриб майиб қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. 

6. 10 – 15% алкаш ўзини ўзи ўлдиради. Пиёнисталарнинг ҳар учтадан биттаси бу ишга уриниб кўради. 

7. Кучли маст бўлган одам ўз рефлексларини (доим бажарадиган меъёрий ҳаракатларини) яхши бошқара олмайди. Шу сабабли у ётган жойига пешоб қилиб қўйиши, тинмай қусиши мумкин. 

8. Совуқда қотиб ўлганларнинг ярми алкашлардир. Алкогол теридаги томирларни кенгайтиради, шу сабабли ичган одам ўзини исигандай ҳис қилади. Бироқ бу хавфли ҳолат. Таъсир кучининг камайиши билан тана совиб кетади ва одам тезда музлаб қолади. 

9. Травматизм (жароҳатланиш) сабабли содир бўладиган ўлимнинг ярмидан кўпроғига ичувчилар “эгалик қилади”. Чунки маст одам ҳушёрликни йўқотади, вазиятни тўғри таҳлил қилолмайди, ўзига нима бўлаётганини англай олмайди, алжирашдан нарига ўтмайди… 

10. Техник спирт ва қўлбола ароқ туфайли ўлиш. Пиёнистага ароқ бўлса бўлди. У ичаётган нарсаси қанақалигини, қачон, қаерда ишлаб чиқарилганини деярли ўйлаб кўрмайди. Қўлда тайёрланган ароқнинг эса стандартларга жавоб бермаслиги аниқ. 

 Чақалоқлар, руҳий ва жисмоний заиф бўлиб дунёга келади 

Ичкиликбозликнинг нафақат шахснинг ўзига, балки миллат генофондига ҳам таъсири юқори. Чунки, туғиладиган чақалоқлар, руҳий ва жисмоний заиф бўлиб дунёга келади. Ушбу зарарли иллат натижасида инсон соғлигидан айрилади ва иш фаолияти пасаяди. Шунингдек, оилада ўзаро келишмовчиликлар ва оила бузилиши вужудга келади. 

Шахснинг инсоний фазилатлари йўқолиб, бу кимса меҳнат қилмай ҳаёт кечириш тарзига ўтади. Бу йўлга кирганларнинг даволаш ва реабилитасия қилиш қанчадан-қанча маблағни талаб этади. 

Дарҳақиқат, спиртли ичимликлар ёшларнинг нафақат соғлиги, ҳаёти ва оиласига, балки бутун жамиятга таҳдид солмоқда. ЖССТ мазкур ҳолатни қатор мамлакатларда алкогол маҳсулотлари рекламаси ва маркетингига зўр берилаётгани билан изоҳлади. 

Ҳаммасидан ҳам интернетда онлайн эълонлар тобора кенг ўрин олаётгани хавотирлидир. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, спиртли ичимликларга мойиллиги юқори кишилар уларнинг жозибадор рекламаси билан тўқнаш келганда, камдан-кам ҳоллардагина нафсини жиловлай олишади. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, спиртли ичимликлар савдоси ва рекламаси устидан ўрнатилган назорат бошқа психотроп моддаларга нисбатан анча заиф. 

Жуда ғалати ҳол: гиёҳвандликка қарши дунёда муросасиз жанг кетаётган бир пайтда ароққа нисбатан бунинг мутлақо тескариси бўляпти. Тобора кўпайиб бораётган ароқ ва пиво дўконларининг пештахталари турфа хил маҳсулотлардан синай деяпти.