$
 12374.55
-48.35
 14425.01
-32.76
 153.13
-1.17
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳаво ҳолатини яхшилаш бўйича экологлар томонидан 10 тезкор чора ишлаб чиқилди

air pollution

Ўзбекистон кўплаб давлатлар сингари аҳоли саломатлиги ва экологик мувозанатга таъсир кўрсатувчи атмосфера ҳавосининг ифлосланиши муаммосига дуч келмоқда.АҚШнинг Ҳаво сифати индекси платформаси — IQ Airъда Тошкентдаги ҳаво сифати даражаси 177 бирликка етди (17 январь ҳолатига). Бу атмосфера ҳавоси миқдори етарли эмаслигини, ПМ2.5 майда дисперс заррачалари эса ЖССТ тавсия қилган ҳаво сифатининг ўртача йиллик қийматидан 21,3 баравар юқорилигини англатади.

Мавжуд вазият мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларида ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.

10 та бирламчи чора-тадбирлар 

“Юксалиш” ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳолатни яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. Сўровда 34 нафар мутахассис, шу жумладан тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий эко фаоллар ва журналистлар иштирок этди.

 “Яшил белбоғ”

Респондентларнинг аксарияти (80,7 фоиз), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблайди. Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

“Яшил” стандартлар 

Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.

Мониторинг

Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳк.) мониторинг қилиш керак, деган фикрда. Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:

ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;

ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;

қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;

ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Тарғибот ишлари

Респондентлар, шунингдек, ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериладиган кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3 фоизи). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак.

Техник кўрик

Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.

Ҳаво тозаловчи тизимлар

Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳк.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6 фоиз) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1 фоиз).

Фаввораларни кўпайтириш 

Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.

Тиббий ниқоб тақиш зарур

Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.

Комплекс ёндашув

Бундан ташқари, экспертлар ҳаво сифатини яхшилашга, унинг янада ифлосланишининг олдини олишга комплекс ёндашиш ва узоқ муддатли турли даражадаги стратегик чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган. Масалан:

бетон ёки асфальт билан қопланган майдонлар яқинида кичик боғлар ташкил этиш;

шаҳар ва аҳоли яшайдиган ҳудудларда кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;

тиғиз вақтларда (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) Н2 ва Н3 тоифали (оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ юк ортилган) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;

2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобилларнинг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда замонавий транспортларга ўтиш бўйича имтиёзлар жорий этиш;

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи зоналар ташкил этиш;

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ифлосланишининг олдини олиш давлат дастурини ишлаб чиқиш;

Марказий Осиёда экологик вазиятни мониторинг қилишда давлатлараро муносабатлар соҳасида мақсадли ишларни амалга ошириш, муайян ваколатларга эга ишчи гуруҳларни тузиш;

корхона ва заводларда тозалаш ускуналари мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;

корхоналарнинг экологик аудитини ўтказиш, белгиланган стандартларга риоя этилишини жорий этиш ва назорат қилиш;

аҳоли учун экологик таълим дастурларини янада ривожлантириш;

хусусий ташкилотларга экологик муаммоларни ҳал қилишга сармоя киритиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш. Атроф-муҳитга хайрия қилиш учун солиқ имтиёзларини бериш;

атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Экология, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш вазирликлари вакилларидан иборат ишчи комиссия тузиш.

Шунча ечим берилгани яхши, энди уларни амалга ошириш керак.

Теги :
Jamiyat