Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Ҳукумат бу муаммони ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди — АҚШ элчиси

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши ҳақида тармоқларда турлича муносабатлар янграмоқда.

2 daqiqa o‘qiladi

Ҳукумат бу муаммони ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди — АҚШ элчиси

Охирги вақтларда Тошкент ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ турли мазмундаги мантиқсиз ва шунинг билан бирга ўринли фикрлар ҳам тармоқларда тарқалмоқда. 

Пойтахтга кириш учун алоҳида паспорт 

Муҳокамалар мавзусига айланаётган мавзулардан бири Актёр Музаффар Нуриддиновнинг “Тошкент” телеканалидаги бўлиб ўтган ток-шоуда пойтахт экологияси ҳақидаги мавзуда билдирган фикри бўлди. Унинг фикрига кўра, Тошкент шаҳрига кириш учун 3-4 кунга мўлжалланган махсус паспорт бўлиши лозим. Бу фикр тасвирга туширилган видеолавҳа айни дамда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

“Ҳукуматни муаммони ўрганишга ва зарур чораларни кўришга ундаш керак”

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник куни кеча журналистларнинг Тошкентдаги ҳаво сифати ёмонлиги ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, “бу барча ҳукуматлар учун жиддий муаммо. Бу — давлат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатини талаб қиладиган масала. Ўйлайманки, агар биргаликда ишласак, келгуси йилларда ҳаво сифати яхшиланишини кўришимиз мумкин”, — дея фикр билдирди. Элчининг фикрича, бу босқичда, энг муҳими, ҳавони ифлослантирувчи манбалар нима экани, шунингдек, ушбу муаммони ҳал қилиш учун қандай чоралар ва инвестициялар зарурлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш. У бу масалани ҳукумат ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслигини таъкидлар экан, Ўзбекистоннинг барча фуқароларини буни шахсий муаммо сифатида қабул қилишга чақирди. “Бу ҳаммага — сизга ҳам, оилангизга ҳам, фарзандларингизга ҳам тегишли муаммо. Шунинг учун бу муаммо билан шахсан қизиқиш ва ҳукуматни муаммони ўрганишга ва зарур чораларни кўришга ундаш керак”, — дея фикрини якунлади элчи.

Кескин чоралар вақти келган

USAID ваколатхонаси раҳбари Дэвид Хофман ҳам вазият юзасидан ўз фикрларини журналистлар билан бўлишган. Унинг фикрларига кўра, жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ва жамоат транспортига сармоя киритиш билан бир қаторда, расмийлар тартибга солиш ва режалаштиришга, хусусан, бизнес ва саноатга эътибор қаратишлари керак. Шунингдек у “Бу масала, масалан, Лос-Анжелес каби мен яшаган шаҳарларда ҳам долзарб эди: 1970−1980-йиллардаги даҳшатли тутун. Ҳукуматнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам саъй-ҳаракатлари вазиятни яхшилашга ёрдам берди — идеал эмас, лекин 20−30 йил олдингига қараганда ҳозир анча яхши. Тошкентда ҳам худди шундай чоралар кўрилмаслиги учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», — дея фикр билдирган.