$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тезлиги соатига 60 кмгача туширилади

Фото: Ижтимоий тармоқлар Фото: Ижтимоий тармоқлар

Муҳокамага қўйилган 2023 йилги давлат дастурига мувофиқ, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача туширилиши мумкин. Таҳлилларга кўра, бу чеклов ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади.

Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастури лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини «шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун» ғояси асосида ислоҳ қилиш ҳам мақсад қилинди.

Лойиҳага кўра, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши мумкин. Олдинроқ бу чеклов Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудлари учун белгиланган эди.

Йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади.

Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.

Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда давлат ЙҲХХ органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланиши кутилмоқда.

«Мазкур механизмлар жазо муқаррарлиги тамойилини рўёбга чиқариш ҳамда транспорт воситаси бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этишда балл тизими жорий этилиши муносабати билан киритилмоқда», — дейилади лойиҳада.

Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этади.