$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

“Заправка”ларда навбат қачон келади?

навбат

Қиш келиши билан газ муаммоси асосий ўринга чиқиб қолади. Уйдаги табиий газ қолиб, ҳамманинг эътибори автомобилларга газ тўлдирувчи “заправкалар”даги турна қатор навбатларда бўлиб қолиши ҳам табиий. Афсуски, кунлар исиса ҳам, газ тўлдириш шохобчаларида аҳвол ўша-ўша.

Газ тўлдириш эмас, газ қуйиш шохобчасими?

Кунлар совиши билан мамлакатдаги барча газ шохобчаларида хизмат кўрсатиш вақтлари сезиларли даражада қисқарди. Шунга қарамасдан, декабрь ойининг 5 кунида Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида АГТКШларнинг тенг ярими ёпилиб улгурди ҳам. 

Қишнинг совуқ кунларида газ қувурларидаги босим кескин пасайиши сабабли аҳоли ҳамда газ тўлдириш шохобчаларига газ етказиб бериш анчагина камаяди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, газ “заправка”ларида автомобилларга қуйиладиган газлар ҳам сезиларли даражада камайган. 

Ҳайдовчиларнинг фикрига кўра, автомобилга газ тўлдириш учун бир кун олдин келмасангиз, бунинг иложи умуман йўқ. Бундан ташқари, бир кун олдин келиб, совуқда навбат кутиб, ниҳоят, навбат келди деганда газ тугаб қолиши ёки автомобилга тўлдирилиши керак бўлган газнинг тенг ярми қуйиб берилиши ҳам ҳайдовчиларнинг ғазабини келтирмоқда.

Бундан ташқари, таксичилик қиладиган ҳайдовчилар эса ярим кун одам ташиш, бир ярим кун эса газда навбатда туришдан шикоят қилмоқда.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг гапига кўра, газ қуйиш шохобчалари очилиши билан пайтда навбатни пуллаётган газ шохобчаси ходимларига ҳам гувоҳ бўлишмоқда экан. 

Хўш, ушбу коррупция ҳолатига масъул шахслар борми ёки “хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча”ми? 

Йўллар тирбанд, нархлар осмонда

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалардаги муаммолар бошланиши билан жамиятга ҳам ушбу муаммолар ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу вазиятда келиб чиқадиган асосий муаммо бу йўллардаги нарх масаласи. Совуқ тушиб газ муаммоси бошланиши билан ҳайдовчилар “йўлкира” нархини кескин ошириб олишади. Вилоятлардан Тошкентга ёки вилоятдан вилоятга қатнайдиган такси ҳайдовчиларни-ку айтмаса ҳам бўлаверади, салкам икки баравар. Уларга эътироз билдирсангиз эса, айтадиган гапи “ёқмаса катта кўча”. Иложсизликдан улар айтган нархида кетишга мажбурсиз. 

Бу ҳолат республиканинг чеккароқ ҳудудларидаги жамоат транспортларига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Ушбу ҳудудларда оддийгина, автобусга чиқсангиз ҳам одатий нархдан 1 000 сўм бўлса ҳам кўп тўлайсиз, албатта.

Шунингдек, асосий йўл қатновида жойлашган газ шохобчаларидаги навбатлар ҳам йўлларда содир бўлаётган тирбандликларга сабаб бўлади. Бу кўп йўлакли қатнов йўлларида сезилмаслиги мумкин, бироқ, фақатгина бир қатновли йўллардаги газ “заправка”лари эса бундан мустасно. 

Бундан ташқари, ўтган йилги қишки мавсумда навбатга қўйиб кетилган автомобилларнинг эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Ҳа, чиндан ҳам ачинарли ҳолат. Ҳайдовчи тунда автомобили билан қолай деса, ҳаво анчагина совуқ. “Автомобилнинг печини ёқса бўлмайдими” деганлар учун, печ ишлаши учун ҳам автомобилга ёнилғи керак. АГТКШларда эса бу аҳвол. 

Асосий муаммо четда қолмоқда

Республикадаги барча хизмат автомобиллари, хусусан, тез тиббий ёрдам,фавқулодда вазиятлар, ўт ўчириш ва ахлат ташиш учун мўлжалланган автомобилларнинг барчаси метан газга мослаштирилган. Бу ҳолат эса хизмат кўрсатишларда айниқса, тез тиббий ёрдам ва “махсустранс” хизматларида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. 

Бу юзасидан эса ЎзА масъулларга ўз мурожаатини йўллаган. Унда эса, Фарғона вилоятидаги газ шохобчаларидан бирида навбатга терилган тез тиббий ёрдам автомобиллари тасвирланган расмни кўришингиз мумкин. 

Унга кўра, ҳудудлардаги маиший чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи субъектларнинг автомашиналари газ бўлмагани учун ўз вақтида чиқиндиларни олиб кетолмаяпти. Масъул идоралар эса бунинг ечимини асло ўйлагани йўқ.

“Хусусан, Фарғона шаҳридаги кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ахлат уюмлари кўпаймоқда. Хонадонлардан чиқаётган маиший чиқиндилар ташқарисига олиб чиқиб қўйганича турибди. Сабаби уларни ташишга мўлжалланган автомашиналарнинг ёқилғиси, яъни гази йўқ.

“Хусусан, Фарғона шаҳридаги кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ахлат уюмлари кўпаймоқда. Хонадонлардан чиқаётган маиший чиқиндилар ташқарисига олиб чиқиб қўйганича турибди. Сабаби уларни ташишга мўлжалланган автомашиналарнинг ёқилғиси, яъни гази йўқ.

Масъуллар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун сал бош қотирса яхши бўлармиди? Ҳеч бўлмаса, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг автомашиналари учун автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларидан алоҳида йўлак ажратилса мақсадга мувофиқ бўлармиди?”

Кунлар илиқ, аҳвол эса ўзгармас

Асосан, куннинг совуқ кунида кузатиладиган ушбу муаммо ҳозирга келиб ҳам давом этмоқда. Республикадаги барча газ тўлдириш шохобчалари фаолият юритаётган бўлса-да, ҳали ҳамон газ етиб келиш масаласида лимитлар белгиланган. Навбатлар эса ўзгаришсиз қолмоқда. Бу борада бир неча блогерлар эътирозларини билдирган. 

Шунингдек, метеоролог Эркин Абдулаҳатов ҳам ўз Телеграм саҳифасида “Энергетиклар нимани кутяпсизлар?” дея пост жойлаган. Унга кўра, жорий мавсумда совуқ ҳаво оқими жанубий вилоятларга деярли таъсир этмаган. Масалан, Термизда ўтган 20 кунликда суткалик минимум ҳарорат бирор бир кунда ҳатто ноль даражадан пасаймаганини кўриш мумкин. Нукус таянч кузатув пунктида эса тунги ҳароратларнинг кескин пасайиб кетганини кўриш мумкин. Тошкентда 12–14 декабрь кунларигина ҳарорат минимумлари -10 даража совуқдан пастга шўнғиган. Умуман олганда, пойтахтда ўтган 20 кунликда ҳароратнинг ноль даражадан пасайиши 8 кун кузатилиб, унинг тўрт кунида минимал ҳароратлар ноль даражадан бироз пасайган холос.

“Айтмоқчи, ўтмиш, яъни ўтган асрда пойтахтда декабрда ой давомида деярли ҳар куни тунги минимумлар ноль даражадан паст минусли ҳарорат фонида ўтган. Деярли ҳар куни тонгда аҳоли сув сирти музлаганига гувоҳ бўлган.

Ҳозир иқлим ўзгариши бизга ундай манзараларни бермаяпти. Ўртоқ, энергетиклар, яна нимани кутяпсизлар? Ҳарорат, ҳўв декабрь бошида, метан заправкалар барқарор ишчи ҳолатда бўлган моментга ўтиб бўлди.” – дейди Абдулаҳатов ўз постида.