$
 12175.34
4.67
 14063.74
15.14
 154.29
1.99
weather
+26
Кечаси   +14°

“Ички ишлар вазири йўлда ногирон бўлиб қолаётган ёки ўлаётганлар олдида жавобгар”ми?

IIV

Расул Кушербаев ўзининг YouTube саҳифасида ЙТҲ оқибатида ногирон бўлган аёл масаласи бўйича Ички ишлар вазирига мурожаат қилди.

Суд қарори ижросиз қолмоқда

Маълум бўлишича, ўтган йили нафақадаги аёл ЙТҲ оқибатида биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган. ЙТҲ содир этган автомобил ҳайдовчиси эса 20 ёшли ўсмир бўлган. Мазкур ҳодиса юзасидан суд иши кўриб чиқилиб, ҳайдовчига жарималар белгиланган ҳамда аёлга етказилган моддий зарарни қоплашлиги ҳақида суд қарори чиққан. Аёлнинг мурожаатига кўра, у мудҳиш ҳодисадан кейин 2 марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган бўлиб, ҳозирда учинчи операция амалга оширилиши керак. Лекин, айбланувчи шу пайтгача аёлга бирорта ҳам моддий ёрдам кўрсатмаган.

МИБни қўлидан келмади

Суд қарорига билан ҳайдовчидан ундирилиши керак бўлган моддий зарар ҳалигача ундирилмаган. Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилинганидан кейин ҳам, МИБ мазкур қарорни ижро қила олмаган. Бунга сабаб эса, ўсмирнинг номида ҳеч қандай моддий қийматга эга бўлган нарса йўқ. Шу сабабдан, МИБ бу юзасидан ҳеч қандай чора кўра олмаётганини билдирган.

Бу борада қонун қандай?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Жиноий ҳаракатлари оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, айбдор шахсларнинг мол-мулкини хатлаш мулкий зарар қопланишини таъминлашнинг муҳим шаклларидан ҳисобланади. Иш материалларида мол-мулк рўйхатининг йўқлиги мулкий зарарни қоплаш тўғрисидаги масалани кўрмасдан қолдиришга асос бўла олмайди, чунки бундай мол-мулк ҳукм ижроси жараёнида ҳам аниқланиши мумкин. Агар суриштирувчи ёки терговчи фуқаровий даъвони таъминлаш чораларини кўрмаган бўлса, суд ЖПКнинг 290 моддаси талабига биноан ўз ташаббуси билан бу чораларни кўради ёки тегишли органлар зиммасига моддий зарарнинг қопланишини таъминлаш чораларини кўриш мажбуриятини юклайди ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Лекин ЖПКнинг 290 моддасида келтирилган яна бир бўлимга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди.

Кушербаев мурожаати

Мазкур ҳолатдан кейин аёл моддий қийинчиликка тушиб қолган ва Кушербаевга ҳам мурожаат қилган. Расул Кушербаев эса ҳолат юзасидан “Ички ишлар вазири йўлда ногирон бўлиб қолаётган ёки ўлаётганлар олдида жавобгар” деган аснода Ички ишлар вазирига мурожаат йўллаган. Унга кўра, Кушербаев автомобил ҳайдаш учун рухсатнома бераётганларни ва автомактабларни масъулиятсизликда айблаб, Ишки ишлар вазири ҳамда “права” беришга масъул бўлган барчани ЙТҲдан жабрланаётганлар учун маънан жавобгарлигини таъкидлади.

“Балки, 20 ёшда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш нотўғридир, балки 20 ёшдан кейин 25 ёшга кирганда, сал ўпкасини “босиб олганда” уларга гувоҳномасини олиш ҳуқуқини бериш керакдир. Буни Ички ишлар вазири ўйлаб кўриши керак.” – дейди у ўз видеомурожаатида.

Асл вазият қандай?

Маълумот учун, 2023 йилнинг 11 ойида 8 минг 693 ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 минг 80 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 55 нафар инсон тан жароҳати олган. Лекин, шу ўринда ҳам айтиш керакки, ушбу ҳодисаларнинг 20 фоизи пиёдаларнинг қоидани бузиши оқибатида содир бўлган.

Шу билан бирга бугунги кунда кўчага чиқаётган одам эҳтиёткорлик даражасини юқори қилган ҳолда чиқмоқда. Албатта, ЙТҲлардан қўрққани учун. Айнан шу ҳақида сайтимизда “Тирик қолишни истасангиз, кўчада юрманг” сарлавҳаси остида таҳлилий мақола жойлаган эдик.