Қўқон ва Тошкентда абитуриентларга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани тил бириктиришган.
1 daqiqa o‘qiladi

Қўқонда 3 000, Тошкентда 8 000 доллари эвазига абитуриентларни ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақида Uz24 га Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.
Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида олдиндан тил бириктириб, фуқаронинг ишончига кириишган ва унинг танишини мазкур институтга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилишган. Фирибгарлар бунинг эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ҳам шу каби ҳолат аниқланган. Фуқаро Ж.П. фуқаро Б.Х.нинг ишончига кириб, унинг ўғлини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 8 000 АҚШ доллари талаб қилган. У ҳам келишилган пулдан 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.



