$
 12705.00
-6.0
 13543.53
5.04
 136.11
-0.2
weather
+26
Кечаси   +14°

30 йиллик кечикиш оқибатларига қарши даво яна кечиктириш эмас

Шу йилнинг сўнгги 9 ойида Ўзбекистон бюджети даромадлари 94,5 трлн сўмни ташкил этди

Собиқ совет ўлкалари орасида бозорга ўтиш томон ҳаракатини бошлаган, лекин пировардига ҳали етиб боролмаган давлатлардан бири, афсуски - бу Ўзбекистон. Бозорга ҳеч қайси давлат биз каби узоқ муддат давомида ўтмаган бўлса керак, шунинг учунам оғриқларимиз ҳеч тугай демайди. Нархларни эркинлаштиришга бошқа давлатлар 1992 йил 1 январда киришиб, 1996-1999 йилларда бозорга ўтиш якунланган бўлса. биз 1994 йилдан бери шу йўлдамиз. Қанчалар эҳтиёткор, секин ҳаракатланганимиз сайин, ислоҳотларнинг оғриқлари шунча узоққа чўзилмоқда. Иккинчи авлод шу оғриқлар билан яшамоқда. Бу кетишда, худо кўрсатмасин, яна ортга чекинишлар бўлса, учинчи авлод ҳам ислоҳотлар зарурияти ҳақида чақириқлар билан, лекин бозор ислоҳотларига журъат қилолмай аросатда яшашда давом этади. Товон эса ошиб бораверади. Тескари ташвиқот кучаяверади.


Ҳеч қурса Грузия ё Қозоғистондагидек яшашни ҳамма истайди, жон бошига 4000 долларлик даромадларни ҳамма хоҳлайди. Одамлар тушуниши керакки, Грузиядек, Қозоғистондагидек ўртача яшаш тарзига етиб бориш учун улар ўтказган ислоҳотларга, қанчалик оғир бўлмасин, қадам босишимиз керак.


Кўпчилик ҳозир эсламайди. Тошкентдан даромади 2,3 баробар даромади камроқ Наманган, Фарғона ё Хоразмда буханка нон аллақачон бозор нархига ўтиб бўлган. 3 йил бўлди бунга. Ўшанда ҳам ваҳима кўтарганлар буханка нон ейдиганлар бўлмаган. Бозордаги энг қиммат ёғли патир нон ейдиганлар кўпроқ шовқин солишганди. Чунки буханка нон истеъмол қиладиганлар учун давлат компенсация тизимини ортиғи билан ишга туширганди. Бу сафар ҳам ижтимоий ёрдам каналлари (пенсия ва маош индексацияси, компенсация, бир марталик тўловлар) ишга тушмоқда. Керак бўлса яна ёрдам кўрсатилади. Менинг ишончим комил, истеъмоли буханка нон бўлган аҳоли тоифаси ҳимоясиз қолмайди.


Ҳа, "Арзон нон ва халққа томоша" сиёсати билан ҳам яшаш мумкин, давом этиш мумкин. Қадимги Римдан маълум бундай усул. Ўзингизга савол беринг, рўшнолигимизнинг чегараси шу бўлишига розимисиз? Кеча тармоқда "кўп савол бермаётганимиз учун газ ва светни қолдиришса бўларди" деб ёзиб қолишди. Ўзбекистонликлар кўпроғига муносиб. Арзон, лекин ўзи йўқ газ ва свет соқовлигимиз учун тўлов деб қабул қилишга масалан, мен рози эмасман.


Фақат Тошкентда қолган арзон нон, ўзи йўқ арзон электр ва ўзи йўқ арзон газнинг тўловини 30 йил тўладик. Тўловини кимга тўлаётганимизни билмай тўладик ва ўзимизни ўзимиз алдаб яшадик. Энди яна айирғич олдида турибмиз. 


Менинг ҳукуматга қанақадир ортиқ симпатияларим йўқ. Лекин ҳозир, айнан нархларни эркинлаштириш масаласида фикримиз ўнг келиб қолганидан тушунаманки, бошқа илож энди қолмаган, энди бошқа чўзиб бўлмайди. Нархларни эркинлаштириш ислоҳотини бошлаётганларни олабўжи, жаллод ўлароқ кўрсатишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Ҳа, бу арзон обрў, шуҳрат, боринг ана, яхшигина манфаат ҳам келтиради. Лекин ҳозир ишониш керакки, улар жаллод эмас, жарроҳ. Кимдир, қачондир шу ишни қилиши керак эди ва улар шу ишни бошлашди. Энди уларга озгина қўллов ва озгина далда керак, жуда бўлмаганида эса сабр.