$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Сенаторлар ертўлада яшаётган оиланинг муаммосини ҳал этишяпти

Сенаторлар ертўлада яшаётган оиланинг муаммосини ҳал этишяпти

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида яшаб келаётган оила ҳақида видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат кенг жамоптчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди.

Видеода кўчада қолган она ёрдамга муҳтож бўлиб, уч ойлик чақалоғи ва онаси билан бирга Сергели туманидаги Янги Чоштепа маҳалласи Ўзар кўчаси 14-уй ертўласида яшаб келаётганини кўриш мумкин.

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов мазкур ҳолатни жойига чиқиб ўрганди.

Маълум бўлишича, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро пойтахтдаги Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси билан руҳий касалликлар бўйича диспансер назоратида турадиган опасининг Сергели туманидаги Янги Чоштепа маҳалласи Ўзар кўчаси 14-уйида истиқомат қилган. Бир хонали уйда яшаб турган пайтда юзага келган ўзаро келишмовчилик сабаб опаси уларни уйидан ҳайдаб юборган. Оқибатда у уч ойлик фарзанди ва онаси билан ертўлада яшаб туришга мажбур бўлган.

У Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига ва бошқа бир қатор тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ушбу масала юзасидан МФЙ раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга тегишли кўрсатмалар берди.

Ёш онанинг муаммоси қонуний кўриб чиқилиши учун маълум муддат талаб этилиши табиий. Шу боис, унга ҳозирда вақтинчалик яшаб туриши учун ушбу ҳудуддаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ва ижара ҳақи тўлаб берилди. Масала сенаторлар томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Теги :
Jamiyat