$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ерости сувларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари белгилаб қўйилди

Фото: Kun.uz Фото: Kun.uz

Президентнинг «Ерости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб ўртача сатҳга нисбатан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда қуйидагилар тақиқланади: ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш; қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш.

Тасдиқланган давлат дастурлари доирасида чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқларни бурғилаш ҳамда суткасига 5 м3 гача ҳажмдаги ерости сувларини якка тартибда олиш бундан мустасно.

Сув сатҳи пасайган ҳудудларда ерости сувларига қудуқларни бурғилашга гидрогеологик хулоса ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома Давгеолқўм томонидан берилади: қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш мақсадлари учун – сув тежовчи технологияларни жорий этиш шартлари билан Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда; ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун – сувдан тежамли фойдаланиш шартларига асосан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда.

 Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологиялардан (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқалар) фойдаланилмаганда бурғи қудуқларидан фойдаланиш Давгеолқўм ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан тақиқланади.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

Давгеолқўм томонидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (бурғиловчи субъектлар) ерости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш янги тартиби жорий этилади;

бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилади;

қонунчиликда назарда тутилган тегишли техник ҳужжатларга эга бўлмаган бурғилаш ускуналари ёрдамида ерости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади ва инспекция томонидан бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат этилади.

Ерости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома талаб ва шартларини бажармаганлик унинг амал қилишини тўхтатиб туришга, гидрогеологик хулосасиз бурғилаш ишларини олиб бориш эса рухсатномани бекор қилишга асос бўлади.

Ерости сув олиш иншоотларига (бурғи қудуғи, булоқ каптажи) эга бўлган барча ерости сувларидан фойдаланувчиларга йиллик сув олиш миқдори тўғрисидаги ҳисоботни Давгеолқўм ҳудудий гидрогеология станцияларига топшириш мажбурияти юкланади.

Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан шакллантириладиган ерости сувлари ҳисобига сув таъминотини яхшилаш бўйича истиқболли дастурлар Давгеолқўм билан келишилиши шарт.

Ерости сувларидан фойдаланувчилар 2024 йил 1 январга қадар ерости сувларидан фойдаланиш аниқ ҳисобини юритиш мақсадида ўз тасарруфидаги ерости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан белгиланган тартибда жиҳозлашлари шарт.