$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади

Ўзбекистонда “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади

8 октябрь Президент Шавкат Мирзиёев раислигида куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилгангди. Президент Матбуот хизматига кўра, эндиликда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, – деди Президент.

Шунингдек, йиғилишда “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги айтилди. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

“Дафтар”лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги айтилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилди.

Ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари “ёшлар дафтари” бўйича, маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари “аёллар дафтари” бўйича масъуллиги белгиланди.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.

Теги :
Jamiyat