$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

БАРҚАРОР ЭНЕРГЕТИКА МАСАЛАЛАРИ ХАЛҚАРО ФОРУМ ДОИРАСИДА МУҲОКАМА ЭТИЛМОҚДА

	ИЭС 30

“Яшил энергетика ва инновациялар”. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шу мавзуда ўтаётган халқаро форумда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ташкил қилинган форум Марказий Осиё ва дунёнинг етакчи мамлакатларидан келган 300 га яқин мутахассислар, экспертлар ва илмий соҳа вакилларини замонавий энергетиканинг асосий муаммолари ва имкониятларни ўзаро муҳокама қилиш учун бирлаштирди. 

Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳамда АҚШ, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Австрия ва Франция каби давлатларининг 50 дан ортиқ маърузачилари Марказий Осиё мамлакатларига иқлимга оид мажбуриятларни бажаришда кўмаклашиш, шунингдек, яшил энергетикага ўтишда инновациянинг роли, технологиялар ва молиявий ресурслар масалаларини муҳокама этмоқдалар. 

Бундан ташқари мутахассислар ва экспертлар семинарлар давомида энергия секторининг келажакдаги ривожланиши траекторияси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорлик ва электр энергияси трансчегаравий савдоси бўйича ягона бозорни шакллантириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашишмоқда. 

- 2022 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига дунё аҳолиси сони тахминан 7,97 миллиардни ташкил этмоқда. Демакки, бугун аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш фақатгина қайсидир минтақа ёки мамлакатнинг эмас, балки бутун дунёни ўйлантираётган глобал мавзуга айланиб улгурди. Мана шу каби форумларнинг ташкил этилиши ҳамда уларда “тоза” технологияларни амалиётга жорий этиш, секторга салмоқли инвестициялар киритиш имкониятларининг муҳокама этилиши дунё ва минтақа энергетика секторида юз бераётган йирик трансформация жараёнларига муносиб жавоб вазифасини ўтайди, - дейди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ техник бошқармаси бошлиғи Ойбек Зоҳидов. 

Маълумот ўрнида, йирик халқаро тадбир 15 сентябрь куни ўз ишини якунлайди.