$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон тарихда илк марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди

Ўзбекистон тарихда илк марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди

Кеча 13 октябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг 2021-2023 йиллар учун 15 та аъзосининг сайлови бўлиб ўтди.

Тарихда биринчи марта Ўзбекистон ушбу органга ўз номзодини кўрсатди ва сайловда иштирок этди. 169 давлат Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши (ИҲК) аъзолигини қўллаб-қувватлаб овоз берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи ва энг обрўли халқаро ташкилотдир. Унинг таркибига 47 давлат сайланади. Кенгаш бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча масалаларни ва вазиятларни муҳокама қилиш ваколатига эга. ИҲК аъзолари тўғридан-тўғри яширин овоз бериш орқали Бош ассамблея делегатларининг кўпчилик овози билан уч йиллик муддатга сайланади.

Жорий сайлов жараёнида БМТнинг минтақавий гуруҳлари томонидан бўш ўринларга тегишли давлатларнинг номзодлари кўрсатилди.

Бошқа минтақавий гуруҳларда бўш ўринларга давлатлар ўртасида рақобатнинг йўқлиги кузатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси кирадиган Осиё-Тинч океани минтақаси гуруҳида ИҲКдаги 4 та бўш ўрин учун мамлакатимиз билан бирга Хитой, Непал, Покистон ва Саудия Арабистони даъвогарлик қилди.

Яширин овоз бериш натижасида ва кучли рақобат давомида Ўзбекистон ўз гуруҳидаги давлатлар орасида энг кўп овоз олди ва ИҲКга 2021 йил 1 январдан бошланадиган навбатдаги уч йиллик муддатга сайланди. Мамлакатимиз билан бир қаторда Кенгашга Хитой, Непал ва Покистон ҳам сайланди.