$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ўтган йили Хитойга 1 млрд долларлик газ сотган

Фото: «ТАСС» Фото: «ТАСС»

Ўзбекистон 2022 йилда қувур орқали Хитойга 1,07 миллиард долларлик газ сотган. Бу ҳақда Хитой Божхона бош бошқармасига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Маълумотларга кўра, Хитойга қувур орқали газ сотувчи давлатлар орасида Туркманистон биринчи ўринни эгаллаб турибди: 12 ой давомида бу мамлакатдан Хитойга етказиб берилган газ қиймати 10,25 миллиард долларни (ўсиш 51 фоиз) ташкил этган.

Иккинчи ўринда Россия (3,98 миллиард доллар, ўсиш 263 фоиз), учинчи ўринда Мьянма (1,43 миллиард доллар, ўсиш 1,3 фоиз), тўртинчи ўринда Қозоғистон (1,08 миллиард доллар, камайиш 4 фоиз) ва бешинчи ўринда Ўзбекистон (1,07 миллиард доллар, ўсиш 33,9 фоиз) қайд этилган.

Расмий маълумотларда келтирилишича, Россиядан Хитойга 2021 йилда қувур орқали газ етказиб бериш 2,54 баробарга ошиб, 7,53 миллион тоннани ташкил этган. Хитой томонидан 12 ой давомида газ учун 1,51 миллиард доллар тўланган.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Тўқаев Қозоғистон Россия ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини кўриб чиқишга тайёрлиги, шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.

Январь ўрталарида Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилгани маълум бўлди. Аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлган.

Декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳрнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.

Теги :
Jamiyat